Рақобат бўлмаса, монополия илдиз отаверади
Аёнки, ҳар бир соҳада соғлом рақобатга амал қилиниши натижадорликни таъминлашга хизмат қилади. Демак, ўз-ўзидан савол туғилиши табиий: мабодо, соғлом рақобат йўқолганда нима бўлади? Носоғлом рақобат муҳитида бир корхона имтиёзларга эга бўлиб, иккинчи турдош маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхонада ушбу имтиёзлар бўлмаслиги (майда ва янги ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш назарда тутилмаяпти) ушбу корхонани таназзулга етаклайди. Ёки давлатнинг қайсидир корхонани монополлаштириши бошқа корхоналар учун бозорда ўрин қолдирмаслиги билан ифодаланади.
Рақобат бўлмаслиги корхоналар монополиясини таъминлайди. Шу билан бирга, монополь корхоналарнинг ўз устида ишламаслиги, янгилик ва инновацияларни қўлламаслиги, нархларнинг оширилиши, маҳсулот сифатининг эса туширилиши, сунъий тақчиллик юзага келтирилиши, харидорлар учун қулайликлар яратилмаслиги, энг асосийси, коррупцияга мойилликни олиб келади.
Ҳозирги глобаллашаётган дунёда рақобатга дош бериш жуда оғир. Чунки бунда ресурслар нархининг турлилиги ҳисобига нарх ва сифат номувофиқлигини келтириб чиқаради. Айрим давлатлар ўзининг юқори малакали ва иқтидорли кадрлари билан рақобат шароитида устун бўлса, баъзи давлатларда бу омилнинг нархи пастлиги ҳисобига устунликка эришади. Ва яна меҳнат ресурсларининг, солиқлар ва йиғимлар, энергия материаллари нархи пастлиги ҳисобидан рақобат муҳитида устувор имтиёзларга эга бўлади.
Носоғлом рақобатни яратувчи асосий омиллардан бири, бу — демпинг нархлардир. Бунда сиёсатни кўпроқ йирик корхоналар ёки ривожланган давлатлар ўз ишлаб чиқарувчилари учун имтиёз ва субсидиялар қўллаш орқали амалга оширади ва рақобатчиларини тикланмас даражада синдиради ва ўз монополиясини ўрнатишга ҳаракат қилади.
Хўш, бизда бу кузатилмоқдами? Албатта, мисол учун, Тошкентда лифт ишлаб чиқаришни йўлга қўйган заводни олайлик. Ўзимизда «ЮМА ЛИФТ» маркаси остида ишлаб чиқарилаётган лифтларнинг хориждан келтирилган лифтлардан нарх жиҳатидан қимматлиги (бироқ сифат ва сервис жиҳатидан рақобатга кириша олади) фаолиятни бошлаши биланоқ зарарга ўтишига олиб келмоқда.
Ҳолбуки, корхона маҳаллийлаштириш даражасининг 70 фоиздан юқорилиги ҳам рақобатга бардошлиликни таъминламаяпти. Корхона ўз фаолияти давомида 1500 та лифт ишлаб чиқариб, 31 миллион АҚШ долларидан зиёд (эквивалент) миқдорда сотишга муваффақ бўлди. Бутловчи қисмлар учун 15 миллион АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги импорт материаллари олиб келтирилди. Шундан 2 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ солиқ ва бошқа бадаллар учун сарфланган. Бу сотиш қийматининг 7 фоизини ташкил этади. 2019 йилда солиқ сиёсатининг ўзгариши ва умум белгиланган солиқларга ўтилиши туфайли бу кўрсаткич ҚҚС билан 29 фоизни ташкил этди.
Корхона маркетологлари таҳлил ўтказганда, асосий рақобатчилар Хитой корхоналари эканлиги, мамлакат ҳукумати товарлар экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳсулот турига қараб ҚҚС қайтаришдан ташқари экспорт суммасининг 5 дан 17 фоиз миқдорида субсидия бериб, уларни рағбатлантиради. Elevator ускуналари учун субсидия миқдори 13 фоиз. Демак, Хитойда арзон хом ашё мавжудлиги, ривожланган инфратузилма ва ахборот технологиялари саноати, кучли ҳамкорлик, ишлаб чиқариш катта ҳажми (йирик ички бозор-истеъмолчилар), уларнинг маҳсулотлари нархи ҳар доим (13 фоиз устунлик билан) арзон бўлади.
Хитойда аҳолини иш билан таъминлаш, тегишли солиқларни йиғиш ва маълум технологияларни (жуда муҳим) ишлаб чиқариш катта ҳажмидан, ҳатто субсидиялар билан ҳам фойда кўради. Бундан ташқари, катта ишлаб чиқариш ҳажми харажатларни камайтиришга ёрдам беради. Бундай шароитда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар Хитой ишлаб чиқарувчилари билан давлат даражасида қўллаб-қувватланмасдан рақобатлашиши жуда қийин.
Ўзбекистон Республикаси божхона қонунчилиги таҳлил этилганда, божхона тўлови ставкаси хориждан келтирилган тайёр лифт учун атиги
5 фоизни ташкил этиши аниқланди.
Давлат ўз ишлаб чиқарувчиларини ҳимоя қилиш учун божхона тарифларини маҳаллий маҳсулотларининг муқобиллари импорти учун оширади. Натижада маҳаллий корхоналар ўзининг рақобатдошлигини ошириб олади, аммо истеъмолчи юқори нархда маҳсулот сотиб олишга мажбур бўлиб қолади.
Шунинг учун бундай вазиятда давлат субсидиялар ва имтиёзлар орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўлласагина нархларни тушириш имкониятига эга (истеъмолчилар эса арзон нархлардан баҳраманд) бўлади.
Миллий маҳсулотни сотиб олиш кўп жиҳатдан ватанпарварликка ҳам боғлиқ. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларда ҳам ватанпарварлик бўлмоғи лозим. Негаки, улар ҳам истеъмолчиларга ватандош ва юртдошлик нуқтаи назари билан қараши ва ўзларига нимани лойиқ кўрса, бошқаларга ҳам шуни раво кўриши керак. Бизда кўпинча корхоналар томонидан имтиёзлар фақатгина кўпроқ фойда олиш мақсадида фойдаланилади. Истеъмолчи манфаатлари иккинчи даражага тушиб қолаверади.
Хуллас, рақобатни қўллаб-қувватлаш ҳар томонлама ривожланишнинг асосий омили бўлиб қолаверади. Ташқи бозор билан беллашишда соғлом рақобатга киришиш ва давлат қўллаб-қувватлови жуда зарур. Бу фақатгина божхона ставкаларини ошириш билангина ифодаланмаслиги керак.
Бекмирза ЭШМИРЗАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг