Рақамли технологиялар вазирига парламент сўрови юборилди

13:36 31 Октябр 2023 Сиёсат
304 0

Кейинги йилларда мамлакатимизда замонавий телекоммуникация инфратузилмасини барпо этиш, телекоммуникациялар соҳасида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, соҳада хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш ҳамда шаҳар ва қишлоқ ҳудудлари ўртасидаги «рақамли тафовут»ни бартараф этиш мақсадида республикадаги барча аҳоли яшаш пунктларини телекоммуникация хизматлари билан қамраб олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ўтган даврда соҳанинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди. Натижада телекоммуникациялар тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларнинг хизматларини кўрсатиш бўйича лицензия бериш тартиби соддалаштирилди. Лицензия берганлик учун давлат божи тўловлари камайтирилди.

Аҳоли яшаш пунктларини телекоммуникация хизматлари билан қамраб олиш доирасида республика бўйлаб оптик толали алоқа линиялари ётқизилмоқда, мобил алоқа операторлари томонидан қўшимча база станциялари ўрнатилмоқда.

Шу билан бирга, соҳадаги ютуқлар билан бирга, бугунги кунда 100 га яқин олис ва бориш қийин бўлган аҳоли яшаш пунктларига телекоммуникация тармоқлари етиб бормаган ва халқаро аҳамиятга эга автомагистраль йўллар тўлиқ мобил Интернет билан таъминланмаган. Телекоммуникация хизматларини аҳолига тақдим этишда давлат тилига тўлиқ риоя этилмаслик ҳолатлари аниқланмоқда. Аҳолининг сифатли телекоммуникация хизматларига бўлган талабининг ошиб бориши ҳамда Ўзбекистонни минтақавий «ИТ» марказга айлантириш борасида белгилаб берилаётган вазифалар телекоммуникациялар йўналишида кенг кўламли чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутади.

Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33-моддасида давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратилиши белгилаб берилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида республика ҳудудларида телекоммуникация инфратузилмаси ва мобил алоқа тармоқларини ривожлантириш бўйича йўл хариталари тасдиқланди.

Шунингдек, Президентимизнинг «Ўзбекистон – 2030» стратегияси тўғрисида»ги Фармонида ҳам барча аҳоли пунктларини интернет билан тўлиқ қамраб олиш ва унинг тезлигини 10 баробар ошириш, халқаро интернетга уланиш тезлигини 5000 Гбит/с.га етказиш, оптик толали алоқа линиялари ва кенг полосали маълумот узатиш тармоқларининг қамровини 100 фоизга етказиш сингари вазифалар белгилаб берилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида рақамли технологиялар вазири Ш. Шерматовга «Республика аҳоли яшаш пунктларини телекоммуникация хизматлари билан қамраб олиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги масала юзасидан Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер