Рақамлаштириш: ўсиш ва самарадорлик омили

16:32 03 Ноябрь 2020 Иқтисодиёт
7899 0

Жорий йилнинг 22 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёев «рақамли иқтисодиётсиз мамлакат иқтисодиётининг келажаги йўқ» деб таъкидлаганди.

Дарҳақиқат, бугунги даврни рақамли технологияларсиз тасаввур этиш мушкул. Зеро, у кундалик зарур эҳтиёжимизга, ҳар бир тармоқнинг ривожланиш мезонига айланмоқда.

“Expera-Suntronix” компаниялари халқаро альянси техник директори Одил АБДУЛЛАЕВ бизга шулар, хусусан, рақамлаштириш қандай қилиб давлат корхоналари самарадорлигини оширишга ёрдам бериши ҳақида сўзлаб берди.

У давлат компанияларига нима учун керак?

Қонунчиликда «давлат компанияси» деган атама мавжуд эмас. Амалиётда ушбу сўз бирикмаси билан давлат унитар корхоналари ҳам, давлат улуши бўлган акциядорлик жамиятлари ҳам ифодаланади. Шу боис фикримизни акциядорлик жамиятлари фаолияти мисолида бошласак.

Айтиш жоизки, рақамли трансформация кўплаб имкониятларни очиб беради. Биринчидан, тушум ўсади. Бу бизнес, маҳсулот ва хизматларнинг янги йўналишларини ишга тушириш ҳисобига юз беради. Масалан, телекоммуникациялар соҳасида бу мусиқа ва видео стриминги (оқимли онлайн эшиттириш) учун рақамли сервислар ёки ақлли уй учун булутли платформалар бўлиши мумкин.

Иккинчи ижобий самара операцион харажатларнинг пасайиши ва жараёнлар самарадорлиги ошишида намоён бўлади. Бухгалтерия, солиқ ва кадрлар ҳисобини юритишни автоматлаштириш ахборотнинг катта ҳажмини тез ва сифатли бошқариш имконини беради. Маълумотларни “Big Data” усули билан қайта ишлаш мақсадли мижозларни муайян мезонлар бўйича ўта аниқлик билан ажратиб олиш (таргетлаш) имкониятларини очиб беради. Бу эса маркетинг тадбирларининг муваффақиятига бевосита таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, бошқарув қарорларининг сифати ҳам ошади. Раҳбар энди масъул бўлимлар тўплайдиган ҳисоботларга боғлиқ бўлиб қолмайди, балки тизимни очиши ва умумий маълумотлардан аниқ кўрсаткичларга ўтиши, олинган натижаларни эса дарҳол олдинги давр натижалари билан солиштириши мумкин бўлади. Жараёнларни автоматлаштириш туфайли прогноз моделлари анча аниқ бўлиб боради.

Бундан ташқари, маълумотларнинг тартибга солинганлиги ва шаффофлиги туфайли корхонанинг хорижий инвесторларни жалб қилиш имкониятлари ошиб, халқаро лойиҳаларда иштирок этиш учун шароит яратилади.

Рақамлаштиришнинг мамлакат иқтисодиётидаги ўрни

Ўзбекистонда давлат иштирокидаги компаниялар иқтисодиётнинг анчагина улушини эгаллайди. Шунинг учун уларни рақамлаштириш мамлакат ЯИМ ўсишига бевосита таъсир қилади. Бошқача қилиб айтганда, давлат секторининг рақамли трансформацияси Ўзбекистонда иқтисодий ўсишнинг муҳим драйверларидан бири бўла олади.

Мисол учун, «Рақамли Қозоғистон» давлат дастурини кўриб чиқиш мумкин. Расмий маълумотларга кўра, уни амалга оширишдан жами иқтисодий самарадорлик 2018-2019 йилларда 2 млрд. АҚШ долларидан кўпроқни ташкил этди. Мана шунинг ўзи ахборот технологияларини ёппасига жорий этиш фойдасига салмоқли далил бўла олади, назаримда.

Бу борада Ўзбекистон ва жаҳон даражаси

Жаҳонда рақамли трансформация ҳали давом этмоқда. Ҳатто илғор мамлакатларда ҳам бу жараён тугалланмаган ва рақамлаштириш даражаси тармоқдан тармоққа қадар жуда кучли ўзгариб боради. Баъзи соҳалар аллақачон АТнинг анчагина таъсирига учраган (молиявий хизматлар, телекоммуникациялар, ретейл (чакана савдо), медиа сектори), бошқалари эса бу йўлнинг бошида турибди ва рақамли технологияларни айрим жараёнларгагина (нефть-газ ва тоғ-кон тармоғи, қишлоқ хўжалиги, мудофаа саноати) жорий этмоқда. Бу билан биринчилардан бўлиб жадал трансформациялаш улар учун рақобатбардошлиликнинг гарови бўлган корхоналар шуғуллана бошладилар.

Биз истеъмолчиларнинг эҳтиёж ва талаблари доимий равишда ўсиб бораётган даврда яшаяпмиз. АТ ва венчур молиялаштириш инновацион бизнес моделларига эга бўлган бозор иштирокчиларининг бозорга чиқишини енгиллаштирди. Интернетнинг барча ерда тарқалиши эса рақамли сервисларнинг пайдо бўлишига имкон берди.

Ўзбекистонда, менимча, банклар, телекоммуникация ва суғурта компаниялари бошқаларга қараганда анча фаолроқ рақамли трансформацияга ўтмоқда, чунки уларда даромадлиликнинг муҳим кўрсаткичлари технологияларни муваффақиятли жорий этишга боғлиқ. Яна айтиш мумкинки, автоматлаштиришнинг аҳамиятини ОКМК ва НКМКда ҳам яхши тушунишади.

Давлат иштирокидаги компаниялар мазкур жараёнда қандай муаммоларга дуч келмоқда?

Трансформация — жуда мураккаб жараён. Тўқсон тўққиз фоиз ҳолатда компанияларда ишни нимадан бошлаш кераклиги ҳақида тушунча бўлмайди. “Expera-Suntronix” альянси Ўзбекистонда 20 йилдан кўпроқ вақтдан бери комплекс ахборот тизимларини қуриб келмоқда ва жараённи таркибий қисмларга бўлиши, лойиҳани амалга ошириш режасини тузиши, лойиҳа офисини ташкил этиши мумкин. Лекин бу билан халқаро ва маҳаллий экспертларнинг бутун бир жамоаси шуғулланади. Ана энди бугунги кунгача буткул бошқа вазифаларни бажариб юрган корхона менежерини тасаввур қилиб кўринг. Албатта, у қўйилган вазифага қандай ёндашишни тушунмайди.

Мен трансформациялашни аутсорсга — ушбу соҳанинг малакали мутахассисларига эга бўлган бошқа ташкилотга беришни маслаҳат берган бўлар эдим. Чунки маҳаллий бозорда зарурий билимларга эга бўлган олий малакали кадрларни топишнинг деярли имкони йўқ.

Иккинчидан, етказиб берувчилар билан ишлашда маблағни тежамасликни, технологиялар тармоғидаги жаҳон етакчилари — “Oracle”, “IBM”, “SAP”ларнинг ечимларидан фойдаланишни тавсия этаман.

Ахборот технологиялари қисқа муддатли маҳсулотлар эмас. Масалан, НКМК учун бизнинг компаниямиз 10 йил режалаштиришга мўлжалланган дастурни тузиб берди. Кўриб турганингиздек, бир марта жорий этилган тизимлардан узоқ вақт мобайнида фойдаланиш мумкин. Шунинг учун ҳам бошидаёқ сифатни танлаш муҳим.

«Олдинги йил» усули самарасиз

Корхоналар, биринчи навбатда, ресурсларни режалаштириш, жараёнларни оптималлаштириш, маълумотлар алмашиниш, бошқарувнинг шаффофлиги ва ҳоказолар учун жавоб берадиган ERP-тизимларни жорий этиш шаклидаги «базавий автоматлаштириш»дан бошлаши зарур. «Олдинги йил» усули билан (режалаштириладиган рақамлар ўтган даврдан шунчаки кўчириб олинадиган) режалаштириш ва прогнозлаштириш самарасиздир. Рақамли трансформация компанияга тўғри ва аниқ сценарийлар тузиш учун аниқ воситаларни тақдим этади.

Бозор иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда бозорнинг кўплаб йирик ва ўрта иштирокчилари бу босқичдан ўтиб бўлдилар ва улар ҳозир янада чуқурроқ рақамлаштириш ҳаракатидалар. Бу жиҳатдан Ўзбекистондаги компанияларга анча осон ва бир вақтнинг ўзида қийинроқ бўлади. Яъни бир тарафдан кўпчиликка ERPни эндигина жорий этишга тўғри келади, бошқа тарафдан улар бошқаларга нисбатан анча илғор версияларни танлаш имкониятига эга бўладилар. Улар 10-15 йил олдинги вариантларга нисбатан рақамли трансформацияни кенгайтириш ва чуқурлаштиришга кўпроқ тўғри келади.

Нимага тайёр туриши керак?

Корхоналар, аввало, бошидаёқ фақат маълум вақтдан кейингина ўзини оқлайдиган катта харажатларга тайёр бўлиш зарур. Баъзида компаниялар дарҳол самара бўлишини кутадилар, бунинг эса ҳар доим ҳам иложи йўқ. Жараёнлар босқичма-босқич йўлга қўйилади, ходимлар янгича ишлашга кўникадилар, мижозлар эса жорий этилган маҳсулотлар тўғрисида хабардор бўладилар ва улардан фойдалана бошлайдилар.

Иккинчидан, раҳбарият ва ходимларнинг рақамли саводхонлигини ошириш устида ишлашга тўғри келади. Бу ундовлар ноёб нарса эмас. Бутун жаҳондаги компаниялар уларга доимий равишда дуч келадилар.

Д. УЛУҒМУРОДОВ ёзиб олди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер