Раъно Шодиева: Ҳар бир инсонда муайян истеъдод мавжуд 

10:56 25 Май 2018 Жамият
3511 0
Фото: daryo.uz

Имконияти чекланган ёшлар ва уларнинг ота-оналари учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан “Тадбиркорлик сирлари” мавзуда семинар-тренинг ташкил этилди.

Ногиронлиги бўлган шахсларга психологик ёрдам кўрсатиш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш, ўзларига ишончни мустаҳкамлаш орқали ҳаётдан ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш мақсадида ўтказилган тадбирда таниқли тадбиркорлар, психологлар, педагоглар қатнашди.

— Ҳар бир инсонда муайян истеъдод мавжуд, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши қошидаги Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази директори Раъно Шодиева. — У баъзан яширин бўлади. Агар унга эътибор қаратилиб, қанот ёзиши учун имконият яратилса, юксак парвоз қилиши мумкин. Мазкур тадбирда ёшларга тадбиркорлик сирларини очишга интилдик. Зеро, улар истиқболли ғоя ва ташаббусларга бой. Ўзлари қизиққан иш билан шуғулланишса, келажакда муваффақиятларга эришиши аниқ.

“Ишбилармонлик мотивацияси”, “Муваффақиятли инсон қандай фазилатлар соҳиби бўлади?”, “Тадбиркорлик учун ғоя танлашда нималарга эътибор қаратиш лозим?”, “Бизнес режанинг аҳамияти”, “Корхонанинг юридик мақоми ва кредит олишнинг ҳуқуқий жиҳатлари” каби мавзулардаги маъруза ва тренинг-машғулотлар ёшларда катта таассурот қолдирди.

— Электрон ва аналог китобларни кўзи ожиз инсонларга мослаштириш лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш устида ишлаяпман, — дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси Жўрабек Қаҳҳоров. — Тадбирда бу борада эътибор қаратишим зарур бўлган жиҳатлар, тартиб-қоидалар, бизнес ҳамкорлар билан ишлаш бўйича муҳим тушунча ва кўрсатмаларга эга бўлдим.

М. АҲМАДЖОНОВ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер