Рамазон ҳайити ва Наврўз умумхалқ байрами меҳр-мурувват, саховат айёми сифатида бўй кўрсатмоқда
Бу йилги Рамазон ҳайити Наврўз умумхалқ байрами билан бирга келаётгани боис ҳам ўзининг ўлмас қадриятлари билан асрлар оша эзгуликка, яхшиликка хизмат қилиб келаётган меҳр-мурувват, саховат айёми сифатида яна бир бор бўй кўрсатмоқда.
Жойларда кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш, ногиронлиги бўлган фуқароларга кўмак бериш каби эзгу ишлар тизимли равишда олиб бориляпти.
Маҳаллалардаги ободлик, кўчаларнинг тозаланиши баробарида тадбиркорлар томонидан кўплаб бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Юртимиздаги бундай ўзгаришлар, ислоҳотлар одамлар ҳаётида ёрқин из қолдиряпти. Шу боис бу жараёнларга ҳар ким ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилмоқда.
Шундай муборак кунларда булунғурлик собиқ ўқувчилар ўзига хос ташаббусни илгари суришди. Гап шундаки, туманидаги 39-умумий ўрта таълим мактабининг собиқ битирувчилари ва бир гуруҳ ҳомийлар ушбу қутлуғ кунларда ўзлари таълим олган зиё масканига 16 дона компьютер жамланмаси ҳамда 2 дона кўп функцияли принтер тақдим этишди.
Ташкилотчилар бу эзгу ишни мактабда ўқиётган ёшларнинг замонавий ахборот технологияларини пухта ўрганишлари учун амалга оширганликларини таъкидлашмоқда. Бу каби эзгу ташаббусларни барчага ўрнак қилиб кўрсатса арзийди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг