Рамазон ҳайити арафасида Тойлоқда 7 та МФЙнинг янги бинолари фойдаланишга топширилди
Фото: «Халқ сўзи»
Сўнгги йилларда Самарқанд вилоятида маҳалла фуқаролар йиғинлари учун янги бинолар қуриш ва моддий техник баъзасини мустаҳкамлаш, шу орқали бу ерда ишлайдиганлар учун етарлича шарт-шароит яратишга жиддий эътибор қаратиб келинмоқда.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ўтган йил давомида вилоятда 200 дан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғинлари учун янги бинолар қуриб, фойланишга топширилди. 254 та маҳалла компьютер техникаси ва 159 та маҳалла мебель жиҳозлари билан таъминланди.
Шунингдек, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳисобидан 61 та маҳалла фуқаролар йиғинларига компьютер, 47 та маҳаллани мебель жиҳозлари билан таъминлаш учун 465 миллион сўм пул маблағлари ажратилди.
1 126 та маҳаллаларнинг барчаси интернет тармоғига уланди. Бундан ташқари, “Open byudjet” портали доирасида 20 та маҳалла бинолари лойиҳаси ғолиб деб топилиб, қўшимча қурилиш ишлари олиб борилди.
Хусусан, ўтган 2022 йилда “Ташаббусли бюджет” электрон платформаси орқали Тойлоқ туманида ғолиб деб топилган 7 та маҳалла бинолари учун жами 2,84 миллиард сўм маблағ ажратилган эди. Мазкур маблағ эвазига тумандаги Сочак, Қўшчинор, Беклар, Нурафшон, Хўжақишлоқ, Янги ҳаёт ва Ўзбекистон маҳалла фуқаролар йиғинларининг бинолари янгидан қурилиб, маҳалла фаоллари учун муносиб шароит яратиб берилди.
Куни кеча мазкур маҳаллалар биносларининг очилиш маросимлари бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи И.Жабборов ва туман ҳокими Б. Бобоназаровлар ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этиб, бинода самарали ишлаш учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Маҳалла раиси, хотин-қизлар фаоли, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчи ва участка инспекторларининг иш фаолияти билан танишди.
Тадбирда сўз олганлар маҳалла аҳлини ҳайит айёми, қолаверса, маҳалланинг янги биноси билан қутлаб, маҳалла ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, ёшлар орасида миллий ва маънавий қадриятларимизни тарғиб этиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оила мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Қайд этиганидек, рамазон ҳайити арафасида очилган ушбу маҳалла бинолари аҳолига чинакам байрам совғаси бўлди.
Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг