Раҳмат сенга, аномал совуқ!
Фото: “Халқ сўзи”
Эккан помидор кўчатларимиз ҳар йили ҳосили пишар-пишмай қурт тушарди, ўсиб, ғовлаб кетарди. Кўклам барг ёзар-ёзмай ҳовлимиздаги катта садақайрағочга куя тушиб, бўй чўзмай, соя-салқин бермай қўярди.
Қовунга қурт тушиши эса деҳқонлар меҳнатининг кушандаси эди. Ҳаттоки, аччиқ бўлсада, саримсоқ пиёзлар қатида ҳам майда зараркунанда ғимирларди.
Аммо бу йил, ёз ўзгача келди, полиздаги помидорларимиз одам бўйи ўсиб, қип-қизил бўлиб пишди. Онам билан банкалар, тузламалар ёпдик. Ҳаммаси ҳовлимиздаги ўз томорқамиздан чиқди. Бултур эса катта томорқамиз бўла туриб, қишки тараддуд учун помидорни бозордан сотиб олгандик.
Садақайрағоч шу қадар бўй чўзиб, яйраб-яшнаб барг ёздики, унинг соясига қуёшнинг тангадек нури ҳам тушмайди. Дарахт остида ором олиб, ҳовлидаги шабадада маза қилиб ўтирибмиз. Қурт-пурт, куя-пуя йўқ, бу йил.
Қовунларнинг турли хил навлари обдон етилиб пишди. Уларни одамлар қурти борми, йўқми, деган хавотирга бормай, бемалол тановул қилишаётир.
...Бобом кўпни кўрган, об-ҳавонинг фойда ва зиёнларидан хабари бор.
— Қизим кўрдингми, баъзида аччиқ, баъзида ширин керак бўлганидек, она табиатга иссиқ ҳам, совуқ ҳам бирдай зарур. Қишдаги қаҳратон туфайли бу йил зараркунанда ҳашаротлар деярли йўқ. Шунинг учун ҳам экинлар эмин-эркин ўсиб, мўл ҳосил бермоқда, — дейди бобожоним.
Кўм-кўк барглар орасидаги қип-қизил помидорлардан бирини узар эканман, беихтиёр дилимдаги фикр тилимга кўчди:
— Раҳмат сенга аномал совуқ!
Сурайё ЎРИНБОЕВА, Сардоба тумани.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг