Қувасойдаги боғчаларда кейтеринг тизими жорий этилмоқда

21:36 29 Июль 2024 Жамият
369 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Қувасой шаҳридаги аутсорсинг усули жорий этилмаган мактабгача таълим ташкилотларида тайёрланган овқатларни етказиб бериш – кейтеринг тизими ташкил этилади. Мамлакатимизда биринчи марта синов-тажриба тариқасида жорий йил 1 августдан бошлаб Қувасой шаҳридаги боғчаларда ушбу тизим йўлга қўйилади. Бу тажриба ўз самарасини берса, йил якунига қадар Фарғона шаҳридаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида ҳам кейтеринг тизими жорий этилади.

Яқинда Қувасой шаҳрида туркиялик ҳамкорлар билан «Garden catering» қўшма корхонаси ташкил этилди. Ҳозирда мазкур корхонада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия этилган соғлом овқатланиш талаблари асосида болалар учун белгиланган рационда 100 турдан зиёд таомлар, салат ҳамда десертлар тайёрланмоқда. Шу мақсадда корхонага 12 нафар туркиялик юқори малакали ошпазлар, 2 нафар соғлом овқатланиш бўйича инженер-технологлар жалб этилди.

Қайд этилишича, доимий ўрганишлар давомида давлат мактабгача таълим ташкилотларида озиқ-овқат маҳсулотларининг талон-тарож қилиш, сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотларини ишлатилиш ҳамда овқат тайёрлашда санитария қоидаларига амал қилмаслик ҳолатлари учраб турибди. Шу боис вилоят ҳокимлиги томонидан мутасадди ташкилотларнинг болаларни соғлом ва сифатли овқатлантиришнинг замонавий кейтеринг усулини тажриба сифатида татбиқ этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Белгиланган режага мувофиқ, беш ойлик синов-тажриба муддати якунида мазкур тизимни бошқа ҳудудларда ташкил этиш бўйича асосланган таклифлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош Давлат санитария шифокорига киритилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер