Қувалик миришкорлар юзлаб турдаги дарахт ва атиргул кўчатларини экспортга чиқармоқда

15:50 27 Февраль 2023 Жамият
657 0

Фото: Халқ сўзи

Айни кунларда юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби, Фарғона вилоятининг Қува туманида ҳам кўклам юмушларга жидду жаҳд билан киришилди. Хусусан, қувалик миришкорлар томонидан вилоятдаги кўчатчиликка ихтисослашган мавсумий бозорлар, қолаверса, бутун мамлакатимиз бўйлаб мевали ва манзарали дарахтлар, бутасимонлар оиласига мансуб кўчатларни етказиб бериш жараёнлари бошланди. Ўз навбатида юзлаб турдаги кўчатлар ва атиргул қаламчалари қўшни республикалар, Россия ва Германиягача экспорт қилинмоқда. Бу баҳорда туманда 55 миллион тупга яқин мевали ва манзарали дарахтлар кўчатлари етиштириш кўзда тутилган.

Қува тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, шу мақсадда тумандаги 65 та МФЙнинг деярли барчасида кўчат етиштириш йўлга қўйилган. «Қорқақум», «Янгичек», «Янги ҳаёт», «Толмазор», «Бойистон», «Намуна», «Олтиариқ», «Қақир» МФЙларида мевали ва манзарали кўчатлар етиштириш ҳудуднинг ўзига хос «драйвер»и сифатида белгиланган бўлса, «Сойгузар», «Хонобод», «Маданият», «Янгиқишлоқ» МФЙларида атиргулчилик тармоғи жадал ривожлантирилмоқда.

Кўчатчиликка ихтисослашган миришкор оилалар битта мавсумда ўртача 80-90 миллион сўм даромадга эга бўлаётир. Бу борадаги ишлар кўламини янада ривожлантириш мақсадида туманда бир неча кўчатчилик ва гулчилик кооперациялари ташкил этилди. Ўтган йили «Янгичек» МФЙда иш билан банд бўлмаган 170 та оилага 20 гектардан ортиқ ер майдони ажратиб берилиб, эндиликда улар мевали ва манзарали кўчатлар парваришлаш орқали муқим даромад манбаига эга бўлди.

Туманда ижара асосида ер олиш истагидаги фуқаролар учун онлайн аукцион савдолари орқали ер майдонлари ажратиш тартиби жорий этилди. Шунингдек, туманда фаолият кўрсатувчи Томорқа ва ер участкаларини ривожлантириш илмий-амалий маркази мутахассислари билан фаол ҳамкорлик қилинмоқда. Ҳозирда марказнинг тажриба майдонларида 3 миллион тупдан зиёд кўчатлар парваришланяпти. Шу билан бирга марказда узум, олма, шафтоли, ўрик, гилос, бодом, нок ҳамда манзарали ва доривор ўсимликларнинг маҳаллий иқлим шароитига мос янги навлар устида илмий-амалий тажрибалар амалга оширилмоқда.

 

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер