Қувада Италия, Афғонистондан олиб келинган оқ донали ва данаксиз анор навлари маҳаллийлаштириляпти

10:57 19 Февраль 2026 Жамият
265 0

Айни пайтда Қува туманида 10 га яқин МФЙлар анор етиштиришга ихтисослашган бўлиб, қарийб 15 минг хонадон аъзолари ушбу юмуш билан шуғулланади. Фарғона вилоятида анор етиштириш борасида мазкур туманнинг улуши 60 фоиз эканлиги қуваликларнинг мазкур йўналишдаги катта ҳаётий тажрибасидан далолат беради.

Бугунги кунда Қува туманида 4600 гектар майдонда анор боғлари мавжуд. Ўтган йил якунига кўра, туманда 50 минг тоннага яқин анор ҳосили етиштирилди ҳамда унинг 25 минг тоннаси экспортга йўналтирилди. Қува анори Корея Республикаси, Хитой, Европа давлатлари ва АҚШ бозорлари ҳамда йирик савдо тармоқларида аллақачон харидоргир маҳсулотга айланган.

Табиий дармондориларга бойлиги, ширин таъми ва узоқ муддат сифатли сақланиши каби хусусиятлари туфайли Қува анорининг жаҳон бозорида рақобатбардошлиги ошиб бормоқда.

Тумандаги “Сойкелди” МФЙда аҳоли хонадонларида 310 гектар ер майдонида анор парваришланади. Маҳалла аҳли асосан анорни қиш-баҳор мавсуми учун табиий усулда сақлаш маҳорати билан танилган. Шу кунларда ҳудуддаги 22 та экспортёр корхоналар томонидан анорчилар маҳалласидан сифатли сақланаётган маҳсулотлар экспортга жўнатиляпти.

—Кейинги йилларда экспорт географияси анъанавий бозорлардан ташқари, Сингапур, Малайзия, Таиланд, АҚШ сингари мамлакатлар ҳисобига кенгайди,—дейди “Сойкелди” МФЙ раиси Ғайратжон Абдураҳмонов.—Маҳсулот кимёвий воситаларсиз, махсус омборларга жойлаштирилмаган ҳолда хонадонда табиий усулда сақланаётгани харажатни қисқартириш ва даромадни каррасига ошириш имконини бераётир. Ҳозирда 1 кг анор ўртача 25-30 минг сўм эканлиги, битта хонадонда ҳар йили 20 тоннагача ҳосил етиштирилиши инобатга олинса, миришкор оилаларнинг мазкур тармоқдан топаётган йиллик даромади 450-500 миллион сўмгача етади.

Қувонарлиси, маҳаллада янгича ёндашувлар асосида ҳаётий тажрибалар илм-фан ютуқлари, илғор агротехнологиялар ёрдамида жадал ривожланяпти. Сойкелдилик илғор томорқачилар сўнгги йилларда Италия, Афғонистондан олиб келинган оқ донали, данаксиз анор навларини маҳаллийлаштиришга муваффақ бўлишмоқда. Янги навлар сифатли сақлаш мумкинлиги, узоқ масофага ташишга яроқли ва экспортбоп эканлиги билан эътиборга молик.

Айтиш жоиз, бугун аҳоли хонадонларида “Туя тиш”, “Қора дона”, “Қаюм”, “Қизил пўчоқ”, “Нордон анор” сингари ўнлаб навлар парваришланади.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер