Қут-бараканинг оппоқ «элчилари»

14:13 11 Январь 2023 Жамият
855 0

Фото: Халқ сўзи

Қор — қишнинг зийнати, қут-барака, фаровонлик ва тўкинлик элчиси. Янги 2023 йилнинг биринчи қори ёғди, бу йилимизнинг серҳосил, сербарака ва қутлуғ келишидан нишона. Шаҳару қишлоқларимиз оқликка буркангани, далаю қир-адирларга оппоқ пойандоз тўшалгани, дарахтлар пардек юмшоқ кўрпага ўрангани — буларнинг барчаси аслида беғубор ва беминнат туҳфадир.

Қор ёғса, болалар қувонади, кексалар дуога қўл очиб, Яратганга ҳамду санолар айтади. Айниқса, деҳқоннинг юз-кўзидан қувонч аримайди. Чунки қор кўп ёққан йили мева-чева мўл бўлади, полизу сабзавотдан тортиб, пахтаю ғаллагача баракали ҳосил олинади. Бу жиҳатдан қанча қувонсак, арзийди. Аммо қор ўзи билан изғирин совуқни олиб келади. Ерлар яхмалак бўлиб, транспорт воситалари қатновини секинлаштиради. Совуқ об-ҳаво иссиқлик ва электр узатиш тизимларида носозликлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Қишнинг бир куни ҳам қиш, деганларидек, мавсумнинг қаттиқ келиши хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ходимларини ҳам шошириб қўйиши табиий бир ҳол.

— 9-10 январь кунлари Ўзбекистон ҳудудида Россиянинг Европа қисми шимолий ҳудудлари устида шаклланган жуда совуқ ҳаво массаси кириб келиши бошланди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази матбуот котиби Мунисахон Асилходжаева. — Кеча республикамиз ҳудудининг катта қисмида қор ёғди, тоғолди ва тоғли ҳудудларнинг баъзи жойларида қор бўрон кучли бўлади. Бугун фақат республикамизнинг марказий ва шарқий ҳудудларида қор ёғиши сақланиб туради. Кейинчалик ҳафта охиригача Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.

М. Асилходжаеванинг фикрларига кўра, совуқ ҳавонинг кириб келиши Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича ҳароратнинг сезиларли даражада пасайишига сабаб бўлади. Ҳафтанинг ўртасига келиб, ҳарорат кечалари -12, -17 даража, баъзи жойларда -20 даража, кундуз кунлари -5, -10 даража ва баъзи жойларда -12 даражагача пасаяди. Энг кучли совуқ республика шимолида - кечалари -20, -25 даража, Устюртда ва Навоий вилоятининг чўл ҳудудларида -27, -30 даража, кундуз кунлари -7, -12 даража совуқ бўлиши кутилмоқда.

Ушбу ҳафтанинг охиригача аномал (ғайритабиий) совуқ сақланиб туради.

Ўзбекистон бўйича энг паст ҳарорат қийматлари сўнгги марта 2008 йилнинг январь ойида кузатилган. Ўша йили Тошкент шаҳрида минимал ҳарорат -17,4 даража совуқни ташкил этган бўлса, 1972, 1973, 1974 ва 1977 йилларда республика бўйича баъзи жойларда янада қаттиқ совуқ кузатилган. Шимолда ва чўл ҳудудларда бу йилларда ҳарорат -38 даражагача тушган. Тошкентда 1974 йилнинг январь ойида ҳаво ҳарорати -18,6 даражагача пасайиши қайд этилган.

Қиш қишлигини қилади, бу табиий ҳол. Аммо изғиринли кунларда аҳолига электр ва иссиқлик узатишда муаммолар юзага келмаса, транспорт қатнови учун йўл сирпанчиқларининг олди олинса, тиббиёт соҳасида намунали хизмат ташкил этилса, албатта, ҳаёт бир маромда давом этади. Ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам халқимизнинг кайфияти юқори, руҳи тетик бўлиши лозим. Зотан, қаттиқ совуқ ва изғиринли қиш ортидан илиқ ва ёруғ кунлар бошланади.

 

Фахриддин БОЗОРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер