Қурилиш соҳасидаги мавжуд муаммолар қачон бартараф этилади?
Андижон шаҳрида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов томонидан фуқаролар қабули бўлиб ўтди. Унда ҳудудда амалга оширилаётган қурилиш ишларига доир муаммоларга ечим изланди.
— Шаҳрихон тумани Андижон вилоятидаги аҳолиси энг зич жойлашган манзил ҳисобланади, — дейди халқ депутатлари туман Кенгашининг депутати Қаҳрамонжон Саримсоқов. — Шу боис аҳолини турар-жой билан таъминлаш масаласи кўп қаватли уйларни барпо этиш орқали амалга оширилмоқда. Жорий йилда ҳам 10 та шу тоифадаги уйларни қуриш режалаштирилган бўлиб, шундан бештасида бунёдкорлик ишлари олиб бориляпти. Қолаверса, туманнинг ўзида собиқ иттифоқ даврида қад ростлаган ўнлаб кўп қаватли турар-жойлар мавжуд. Бироқ, шу пайтгача канализация тизимининг мавжуд эмаслиги катта муаммоларга сабаб бўляпти. 2016 йилда ушбу мақсаддаги саъй-ҳаракатларни амалга ошириш учун 24 млн. долларлик лойиҳа ишлаб чиқилган. Бироқ, шу пайтгача унинг ижроси таъминланмаяпти.

Қабулда иштирок этган Андижон шаҳар архитектори Шоҳбоз Абдуллажонов долзарб мавзуни илгари сурди:
— Шаҳарсозлик амалиётида бош режанинг аҳамияти жуда катта, — дейди у вазир ўринбосарига юзланар экан. — Унда Андижон шаҳрида 9 қаватдан юқори бўлган турар-жой биноларини барпо этиш кўзда тутилмаган. Шундай бўлишига қарамай, 16 қаватдан иборат бўлган уйлар бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди. Кўприксозликда ҳам шу каби ҳолатлар учраб турибди.
Қабул давомида, шунингдек, қурилиш лойиҳаларини тасдиқлаш, молиявий таъминотни йўлга қўйиш, ҳужжатларни юритишда учраётган муаммолар юзасидан мурожаатлар бўлди. Вазир ўринбосари уларнинг аксариятига жойида ечим топган бўлса, айримлари юзасидан манзилга бориб, ўрганиш ишларини амалга оширди. Муҳими, кўплаб саволлар ўз ечимини топди.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг