Қурилиш иншоотларининг ёнғинга бардошлилигини такомиллаштириш — долзарб масала
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида “Қурилиш иншоотларининг ёнғинга бардошлилигини такомиллаштириш” мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Анжуманда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар муаммолари илмий-тадқиқот институти, тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, олий таълим муассасалари вакиллари, ФВВ Академияси ҳузуридаги Фуқаро муҳофазаси институти, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати ходимлари, ФВВ Академияси профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилар, курсантлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Анжумандан кўзланган асосий мақсад –– қурилиш иншоотларининг ёнғинга бардошлигини ўрганиш, уларнинг мустаҳкамлиги, ишончлиги, оловбардошлигини оширишга йўналтирилган замонавий усул ва инновацион технологияларини жорий этиш, мамлакатни ривожлантиришнинг стратегик мақсадларига эришиш каби долзарб масалаларни ўрганиш, таҳлил этиш ҳамда курсантларга замонавий назарий ва амалий тушунчалар бериш, уларнинг бу соҳадаги билимларини бойитиш, шу билан биргаликда ушбу соҳаларда ўз ечимини кутаётган муаммоларга жавоб бера оладиган тавсиялар, илмий ишланмаларни ишлаб чиқиш ва амалий кўникмаларни янада шакллантиришдан иборатдир.
Анжуманни Академия бошлиғи, генерал-полковник Қобул Бердиев очиб, мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида барқарор иқтисодий ўсиш, айниқса, илғор технологияларга асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини, илм-фан ва инновацион фаолиятни жадал ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг мустаҳкам асослари яратилаётгани, шунингдек, қурилиш иншоотларининг ёнғинга бардошлигини такомиллаштиришнинг долзарб муаммоларига давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу борадаги муаммолар ечимига қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлигини ва ижрога киритилганлигини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг “Халқимиз дунёқарашида инновация муҳитини яратиш энг муҳим вазифамиздир. Инновация бўлмас экан, ҳеч бир соҳада рақобат, ривожланиш бўлмайди. Бу соҳадаги ўзгаришларни халқимизга кенг тарғиб қилмасак, одамларда кўникма пайдо қилмасак, бугунги давр шиддати, фан-техниканинг мислсиз ютуқлари билан ҳамқадам бўлолмаймиз” дея таъкидлаган сўзлари эътироф этилди.
Анжуманда сўзга чиққанлар, иқтисодиёт тармоқлари жадал ривожланаётганлиги, ишлаб чиқариш технологияларининг мураккаблашиб бораётгани боис, фавқулодда вазиятлар пайдо бўлиш хавфини янада ошираётганига эътибор қаратиб, қурилиш иншоотларида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва содир бўлган фавқулодда вазиятларнинг салбий оқибатларини камайтириш, уларни бартараф этишдаги муаммоларни ечимини топиш, хавфсизликни таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш, инновацион технологияларни қўллаш самарадорлигини оширишда қўл келадиган таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишга қаратилган кенг фикр-мулоҳазаларни билдирдилар.
Анжуман доирасида ташкилотчилар томонидан ташкил этилган илмий инновацион ишланмалар кўргазмаси ҳамда бадиий ва махсус адабиётлар ярмаркаси анжуман қатнашчиларида катта таассуротлар қолдирди.
— Мамлакатимизда ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларни узлуксиз мониторинг қилиш, тизимли кузатувини ва назоратини амалга ошириш, фавқулодда вазиятларга олиб келиши мумкин бўлган хавфлар ва таҳдидларни барвақт аниқлаш ва прогнозлаш маълумотларини, шунингдек, уларнинг юзага келганлиги ва оқибатлари тўғрисида доимий ва автоматлаштирилган ахборот алмашинувини таъминлашга мўлжалланган интеллектуаллашган аппарат – дастурий мажмуа тизимини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш жоиз дейди, – подполковник Қувондиқ Муртазаев. — Шунингдек, фавқулодда вазиятларни олдини олиш ҳамда бартараф этишда, анжуманда билдирилган таклиф-тавсияларни амалиётга кенг татбиқ этиш орқали самарали натижага эришамиз, десам муболаға бўлмайди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, юртимизда қад кўтараётган бир-биридан кўркам кўп қаватли бино-иншоотларимизни халқаро стандартларга мос келиши ва ёнғинга бардошлилигига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги ҳамда замонавий технологиялар асосида мустаҳкамлигини ошириш орқали содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни олдини олган бўламиз.
Фарҳоджон ХЎЖАЕВ,
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси катта ўқитувчиси, майор.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг