Қумқўрғонда устозларга алоҳида эҳтиром кўрсатилди
– Шогирдлар кун келиб, меҳнатингизни қадрлаб, остонадан кириб келса, кўксинг тоғдек кўтарилиб, ўтган умринг кўз олдингдан бирма бир ўтар экан. Бекорга яшамабман, ортимдан тоғдек шогирдларим қолади, деган таскин қалбингга ҳузур бағишлар экан, – дейди фахрий устоз Файзи Маматмуродов.

Устозни жамият биносининг бинокори, онгу тафаккур муҳандислари ва маърифат боғининг боғбонига ўхшатишади. Илму салоҳияти ила меҳр ва сабр билан ёшгина қалбларга зиё сочган муаллимлар доимо қадрланган. Устозни улуғлаш – миллий қадриятларимиздандир.

Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳокими Раҳматулло Гаппаров ҳам тумандаги фахрий устоз мураббийлар,жумладан, ўзи таҳсил олган маърифатпарварлар хонадонида бўлиб, уларни айём билан қутлади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Байрам шодиёнаси кўтаринки кайфият билан давом этди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимда туман ҳокимлиги, халқ таълими бўлими, жамоат ташкилотлари вакиллари, кўп йиллар таълим соҳасида хизмат кўрсатган фахрий устозлар, фидойи, ўз соҳасида илғор ёш ўқитувчилар, мураббийлар иштирок этди. Туман ҳокими йиғилганларни байрам билан қутлади. Фаолияти давомида самарали меҳнат қилаётган, шогирдларни тарбиялаб эл корига ярайдиган инсонлар камол топишига ўз ҳиссасини қўшаётган устозлар эсдалик совғалари билан тақдирланди. Қумқўрғонда байрам тадбирлари давом этмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг