Қуйи чуқуракликларнинг яна бир ташвиши енгиллашди
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бундан сал муддат аввал Шофиркон туманидаги Қуйи Чуқурак маҳалласи ижтимоий аҳволи оғир маскан сифатида танлаб олинган. Бу чекка гўшада йўллар равон қилиниб, электр энергияси, ичимлик сув таъминоти борасидаги масалаларга ечим топилганди. Шу жараёнда оилавий шифокорлик пункти очилди. Маҳалланинг биноси янгиланди. Аёллар саломатлик маркази, болалар спорт майдончалари қурилди. Кўчалар обод этилди. Буларнинг бари маҳаллага ўзгача кўрк бағишламоқда.
«Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла» мезонлари асосида амалга оширилган бу хайрли юмушлар шу билан якун топиб қолмади. Яқинда салкам 200 ўринга мўлжалланган 46 – сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг замонавий биноси болажонларни ўз бағрига олди.

— Бундан маҳалламиз аҳолиси бениҳоя хурсанд, — дейди меҳнат фахрийси Боймурод Бақоев. — Негаки, ҳудудимизда фаолият кўрсатаётган оилавий боғчаларнинг қамров имконияти чекланган. Шу сабабли 3 – 6 ёшли болаларни мактабгача таълим масканларига жалб қилишда қийинчиликлар учраётганди. 2 миллиард сўм маблағ эвазига барпо этилган янги маскан туфайли ана шу ташвишимиз енгиллашди.
Айтиш ўринлики, юртимизнинг барча гўшаларида бўлгани каби Шофирконда ҳам жажжи болажонларнинг мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия олиши масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Бу ўз самарасини бераяпти. Агар бундан беш йил муқаддам туманда 32 та давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб улар сони 44 тани, оилавий нодавлат МТТ лар сони 218 тани, давлат хусусий шериклигидаги муассасалар эса 12 тани ташкил этяпти. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар болажонларни шундай ташкилотларга қамраб олиш даражасини беш йил аввалги 18 фоиздан 87 фоизга етказиш имконини берди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг