Қозоғистонда референдум: фуқароларнинг 87 фоиздан ортиғи янги Конституцияни қўллаб-қувватлади

13:09 16 Март 2026 Дунё
246 0

Қозоғистон янги Конституциясини қабул қилиш учун референдумда фуқароларнинг 87,15 фоизи овоз берди, референдум бўлиб ўтган деб тан олинди. Бу ҳақда Марказий референдум комиссияси раиси Нурлан Абдиров маълум қилди, унинг сўзларидан «РИА Новости» иқтибос келтирмоқда.

«2026 йил 12 февралда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган Қозоғистон Республикасининг янги Конституциясини қабул қилиш бўйича референдумга қўйилган масалага ижобий жавоб берган фуқаролар сони 7 млн 954 минг 667 кишини ёки мамлакатнинг барча ҳудудларида овоз беришда иштирок этганларнинг 87,15 фоизини ташкил этди», — деди у.

Янги Конституция лойиҳаси бўйича референдум Қозоғистонда 15 март куни бўлиб ўтди. Турли тадқиқот ташкилотларининг «exit poll» натижаларига кўра, ташаббусни фуқароларнинг 86,7 фоизидан 88,6 фоизигача бўлган қисми қўллаб-қувватлаган.

Мамлакат президенти Қасим-Жомарт Тоқаев фуқароларга миннатдорчилик билдириб, сайловчиларнинг иштироки рекорд даражада юқори бўлганини таъкидлади. Қозоғистоннинг ўзида участкалар ёпилган вақтда давомат 73 фоиздан ошган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон етакчисини референдум муваффақиятли ўтгани билан табриклаган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер