Қозоғистонда Марказий Осиё давлатларининг биринчи парламентлараро форуми бўлиб ўтди

16:45 10 Февраль 2023 Сиёсат
1125 0

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Жорий йил 10 февраль куни Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳрида Марказий Осиё давлатларининг биринчи парламентлараро форуми бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги парламент делегацияси ҳам иштирок этди.

Форум иштирокчиларига Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари қутлов сўзларини йўлладилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатларининг биринчи парламентлараро форуми иштирокчиларига йўллаган қутлов сўзини Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева ўқиб эшиттирди.

Форумда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ушбу жараёнда парламентларнинг ролини янада оширишга доир масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Президентининг ташаббуси асосида минтақа давлатларининг етакчилари ўртасида олиб борилаётган ўзаро ишончга асосланган фаол сиёсий мулоқотлар изчиллик ва мунтазамлик касб этмоқда. Бу, ўз навбатида, Марказий Осиё давлатлари бирдек манфаатдор бўлган тинчлик-осойишталик, хавфсизлик, чегаравий масалалар, шунингдек, иқтисодиёт, инвестиция, туризм, маданият, соғлиқни сақлаш ва экологияга оид минтақавий ҳамда халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан муҳим ташаббус ва қарорларнинг қабул қилинишига замин яратмоқда.

Форумда алоҳида қайд этилганидек, бугунги кунда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш борасида парламент дипломатиясининг ҳам ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Айниқса, глобал таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги шароитда қардош ва ўзаро дўст халқлар парламентларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, уларнинг салоҳиятидан янада кенгроқ фойдаланиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада мамлакатимизда яқин қўшнилар билан самарали парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш бўйича белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг парламент дипломатияси концепциясининг қабул қилингани ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Шу маънода, Ўзбекистон парламенти делегацияси раҳбари ўз сўзида Марказий Осиёдаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни жадал ривожлантиришга қаратилган ишлар, ўз навбатида, парламент аъзолари зиммасига катта масъулият юклашини қайд этиб ўтди.

— Халқаро сиёсатдаги юқори турбулентлик шароитида ва жаҳон иқтисодиётида инқирозли ҳодисаларнинг кучайиши фонида Марказий Осиё давлатлари парламентларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, юзага келаётган муаммоларни биргаликда ҳал этишга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда.

Ушбу Форумнинг йўлга қўйилиши эса ана шундай ҳаётий талабларни қондириш билан бир қаторда, минтақавий ҳамкорликка сезиларли даражада суръат бағишлайди ҳамда халқларимизнинг янада яқинлашишига туртки беради.

Парламент вакиллари аҳолининг талаб ва эҳтиёжларидан, одамларни қийнаб келаётган муаммолардан яхши хабардорлиги ҳамда уларни ҳал этишда парламент ресурсларини етарлича жалб қила олиш имконига эгалиги Марказий Осиёда яшовчи халқлар манфаатларига тўла жавоб берадиган ечимларни ишлаб чиқишга замин яратади.

Минтақа давлатлари парламентларининг самарали мулоқоти бўйича йўлга қўйилаётган мазкур янги платформа доирасида мамлакатлар қонун чиқарувчи органлари ўзаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасидаги ишларни янада фаоллаштиришимиз керак.

Шунингдек, миллий қонунчилик асосларини ўзаро уйғунлаштириш ва яқинлаштириш бўйича қонунчилик нормаларини чуқур таҳлил қилиш ҳамда такомиллаштириш мақсадга мувофиқ, — дея таъкидлади Сенат раиси Т. Нарбаева.

Форумда умумий тарихий-маданий меросга асосланган маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришда парламент аъзоларининг иштирокини янада кучайтириш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.

Қайд этиш жоизки, кейинги йилларда минтақа давлатлари ўртасида асрлар мобайнида шаклланган ва ҳозирда тобора мустаҳкамланиб бораётган дўстона алоқалар халқларимизнинг тили, урф-одатлари, анъана ва қадриятларининг муштараклиги билан ҳам изоҳланади.

Шундан келиб чиқиб, форум иштирокчилари мамлакатларимиз ўртасидаги икки ва кўп томонлама муносабатларни ривожлантиришда турли форумлар, фестиваллар, маданий тадбирларни ўтказиш, халқларимизни бир-бири билан янада жипслаштиришга хизмат қилувчи туризм йўналишлари бўйича ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.

Тадбир якунида Марказий Осиё давлатларининг биринчи парламентлараро форумининг минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни қўллаб-қувватлаш мақсадида парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган Туркистон декларацияси қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер