Қозоғистонда 13 июль мотам куни деб эълон қилинди
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев коронавирус туфайли вафот этганлар хотирасига 13 июлни умуммиллий мотам куни деб эълон қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари 8 июль куни аҳолига мурожаатида маълум қилди.
«Ҳар бир фуқаромизнинг қазоси кўнглимга оғир ботади. Бу вирус яқинларимизни олиб кетяпти. Бугун яқинларига аза тутаётганларга таъзия изҳор этаман. Шу боис 13 июлни миллий мотам куни деб эълон қиламан», — деди давлат раҳбари. Мурожаатни «Tengrinews» сайти трансляция қилган.
Эслатиб ўтамиз, 4 июль куни Қозоғистонда коронавирус билан боғлиқ янги чекловлар жорий этилди. Ҳудудлараро йўловчи ташувчи автобуслар ҳаракати чекланди, кўнгилочар, спорт ва бошқа оммавий тадбирлар, шунингдек, оилавий ва хотира тадбирлари тақиқланди. Гўзаллик салонлари, сартарошхоналар, спорт заллари, бассейнлар, маданий ва кўнгилочар муассасалар ёпилди.
Фуқароларнинг кўчаларда, боғ ва хиёбонларда ҳаракатланиши чекланди — уч кишидан ортиқ тўпланиш ҳамда 65 ёшдан ошганларнинг ҳаракатланиши мумкин эмас.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг