Қўштепада 1000 тоннадан зиёд пахта машина ёрдамида териб олинди
Қўштепа туманида ташкил этилган “Fargona Global Tekstil”пахта-тўқимачилик кластери томонидан соҳага илм-фан ютуқлари, инновацион технологиялар кенг жорий этилиши натижасида пахтачилик тармоғида қувонарли ютуқларга эришилмоқда.
Хусусан, томчилатиб суғориш технологиялари кенг жорий этилиб, яқингача 28–30 центнердан пахта етиштирилган майдонларда 50 центнергача ҳосил олиняпти. Корхонада энг замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш йўлга қўйилиб, пахтани тўлиқ қайта ишлашга эришиляпти. Кластер қошида ташкил этилган янги корхоналарда тайёрланаётган ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар хорижга экспорт қилиняпти.
Эътиборлиси, жорий деҳқончилик йилида 3 та пахта териш машинаси ёрдамида 1000 тоннадан ортиқ ҳосил йиғиштириб олинди. 2024 йили яна 2 та замонавий терим машинаси харид қилиш режалаштириляпти. Шу тариқа яқин истиқболда етиштирилган ҳосил асосан терим машиналари ёрдамида тез ва сифатли йиғиштириб олиниши мақсад қилинган.
— АҚШнинг бир кунда 35-40 тоннагача пахта терадиган иккита қудратли техникасини сотиб олдик. Машиналар тажрибадан яхши ўтгани сабабли кейинги йили яна иккита сотиб олишга буюртма берилди, — дейди пахта-тўқимачилик кластери бўлим бошлиғи Қўчқорали Ҳусанов. — Чунки битта терим машинаси кунига ўртача 250-300 нафар теримчининг ишини бажармоқда. Шу боис босқичма босқич пахтани машинада териб олишга мослаб етиштириш ва техника ёрдамида териб олишни мўлжаллаяпмиз.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг