Қўштепа туманида "голландча" ҳовли бор...
Таомилга кўра, меҳмон келса, бу ердан у қуруқ қайтмайди. Қўлига ҳеч бўлмаганда, бир жуфт хона гулини тутқазиб юборишади. Шундан бўлса керак, Фарғона вилоятида бу хонадонни кўпчилик гулчилар оиласи сифатида яхши танийди… Бордию, хонадон бекаси Санобар опа Турсуновадан ҳаёт мазмунини сўрасангиз, ҳеч иккиланмай “юртимизда ва хориж мамлакатларида ўсадиган ноёб гул ниҳолларини кўпайтириш”, деб жавоб беради.

Гулчи опанинг гулзор оралаб юрганига 20 йил бўлди. Шу вақт ичида гул парваришлаш, ўсимликлар билан тил топишиш нозик ва мураккаб иш эканини тушунди. Опа буларни ишининг давомчилари бўлмиш фарзандларига астойдил ўргатмоқда. Гулхонага кирарканмиз, унинг муаттар ифори димоққа урилади. Гўзалликдан ҳайратга тушасиз. Атрофга назар ташлаб, бир дона гулнинг илдиз отиб, авж олиши учун қанча машаққатли меҳнат талаб этишини ҳис қиласиз.
Ният ва шунга яраша ҳаракат қилсанг, эътибор ва шароит бўлса бас, ҳамма нарсага эришиш мумкин экан. Кўпдан буён иссиқхона қуришни ва ҳар бир иссиқхонада мамлакатларда келтирилган гулларни ўстиришни орзу қилган опага мутасаддилар кўмаклашдилар. Ҳовли марказидаги иссиқхонада бегония, геран, Азалия ёки Герберами, хуллас, гулларнинг ҳамма туридан бор. Санобар опа бир-бири билан ҳусн талашаётган бу гулларга соатлаб таъриф бериши мумкин. Беихтиёр, яшил майдон жозибасига мафтун бўласиз, она заминимизнинг бебаҳо саховати, мўъжизакор қудратига таҳсин айтасиз.

-Гул бор жойда озодалик, қувончу шодлик, барака ҳукм суради, дейди Санобар Турсунова. -Шу боис, бундан ҳовлига иссиқхона барпо этдик. Албатта, фаолиятимизни бошлашдан олдин миришкор гулчилардан маслаҳатлар олганмиз. Дастлабки йил даромадимиз унча яхши бўлмади. Лекин ҳозир яхшигина фойда оляпмиз. Даромад эса фарзандларни уйлаб-жойлашга, фарзандларимга машина олишга сарфлаяпмиз. Карантинда ҳам тиним ва зерикиш йўқ. Ҳозир гулчи опанинг хонадонига гул сотиб олиш учун келувчиларнинг сон-саноғи йўқ. Улар орасида атай тажриба алмашиш истагида келаётганлари ҳам кўп. Санобар опанинг гулларига қўшни мамлакатлардаги гулсеварлар ишқибоз.

Ҳовлида гул қўйилмаган жой деярли йўқ. Оила аъзоларининг асосий иш жойи шу хонадонини эгаллаган иссиқхона. Меҳнатни фақат катталар қилмайди, уларга фарзандлар ҳам яхшигина ёрдамчи бўлиб қолган. Ёшларда ҳам ишбилармонлик кўникмаси шаклланяпти, суяги фойдали ишда қотяпти. Бугун маҳаллада бу оиладан ўрнак оладиган кишилар ҳам талайгина. Гулчиликни ҳам бир санъат сифатида эътироф этадиган Санобар опа Турсунова сингари гўзалликка ошно инсонлар меҳнати, фидокорлиги билан юртимиз янада обод ва кўркам бўлаётганини кўриб, кўзингиз қувнайди.
Элёр ЭҲСОНОВ,
"Халқ сўзи"
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг