Қўшни давлатлар муносабатларида янги саҳифа
Ўзбекистон ва Тожикистон Марказий Осиёдаги бири-бирига чамбарчас боғланган, қариндошлик ришталари билан мустаҳкамланган, тўй-маросимлари ҳамда урф-одатлари ўхшаш мамлакатлардир.
Бундан бир йил олдин Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқларининг бирида “20 йиллик қалин муз эритилиши керак. Шундан сўнг конструктив қўшничилик муносабатларини тикласа бўлади. Бу осон иш эмас, бунинг учун муайян вақт талаб этилади”, дея таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, ўтган даврда давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати туфайли икки мамлакат ўртасида йиллар давомида йиғилиб қолган гина-кудуратлар унутилиб, мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал қилиш йўлида жадал ҳаракат бошланди.
Қисқа фурсатда яхши қўшничилик ришталари анча мустаҳкамланди, ўртада конструктив ҳамкорлик муҳити юзага келди.
Икки давлат муносабатларида кузатилаётган ушбу ижобий ўзгаришлардан, энг аввало, оддий одамлар манфаат кўрмоқда. Айниқса, ўтган ҳафтада Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасидаги бир қатор назорат постларининг қайта очилганини ўзбек ҳамда тожик жамоатчилиги, хусусан, чегараолди ҳудудда яшовчи аҳоли катта хурсандчилик билан кутиб олди. Шу билан бирга, иккала қўшни мамлакат ўртасидаги темир йўл ва авиақатновнинг тикланиши ҳам одамлар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Президентимизнинг Тожикистон Республикасига ўтган ҳафтада амалга оширган давлат ташрифи азалдан бир дарёдан сув ичган икки юрт ўртасида конструктив муносабатларни ўрнатиш йўлида бошланган ўзаро саъй-ҳаракатларни янада юқори поғонага олиб чиқди. Дўстона ҳамда самимий руҳда ўтган мулоқот ва учрашувларда сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ҳамда бошқа соҳаларда кенг қамровли алоқаларни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш истиқболлари, шунингдек, минтақавий ҳамда халқаро аҳамиятга молик қатор масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Тожик биродарларимизнинг Юртбошимизни самимий, дўстона кутиб олгани барчамизни ниҳоятда қувонтирди. Гарчи ёмғир ёғиб турган бўлса-да, минглаб тожикистонликлар олий мартабали меҳмонни кутиб олишга Душанбе кўчаларига чиққани нафақат Президентимизга, балки бутун ўзбек халқига кўрсатилган беқиёс ҳурматнинг амалдаги ифодасидир, десак, асло янглишмаймиз. Зеро, мустақил Тожикистон тарихида ҳали бирор-бир мамлакат раҳбарига бунчалик даражада иззат-икром кўрсатилган эмас.
Айтиш ўринлики, икки томонлама музокаралар натижасида узоқ муддатли муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди. Ушбу ҳужжатлар истиқболда мамлакатлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама тараққий топтириш йўлида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Умуман айтганда, мазкур тарихий ташриф қўшни давлатлар муносабатларида янги саҳифа очди. Эндиги вазифамиз Юртбошимиз ташаббуси ва бевосита саъй-ҳаракатлари туфайли қайта жонланган ўзаро дўстлик алоқаларини, айниқса, парламентлараро муносабатларни янада мустаҳкамлаш, икки халқни бир-бирига бундан-да яқинлаштиришдан иборат. Зеро, ўзбек-тожик биродарлиги Марказий Осиёда яхши қўшничилик, тинчлик, хавфсизлик ҳамда барқарор тараққиётнинг муҳим омили ҳисобланади.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси,
Тожикистон парламенти билан ҳамкорлик бўйича гуруҳ аъзоси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг