Қўрғонтепалик сиам эгизаклари
Уч йил олдинги хотира
Бундан уч йил муқаддам Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманидаги ақли заиф болалар уйига ташриф буюрдик. Шу куни болалар уйи тарбияланувчилари ҳаёти билан танишдик, уларга яратилган шароитларни кўздан кечирдик. Руҳиятида заифлик бўлса-да, ҳаёт учун курашаётган ўғил-қизлардан вақтнинг, имкониятнинг, саломатликнинг, ҳаётнинг қадрига етишни ўргандик. Шу куни «Халқ сўзи» газетаси таҳририяти томонидан ажратилган автомашинани болалар уйи тарбияланувчиларига совға қилдик. Улардаги қувонч ҳали-ҳануз кўз ўнгимизда гавдаланади.
Орадан йиллар ўтмоқда. Бу давр мобайнида хотирадаги айрим боблар унутилар экан. Бироқ, болалар уйидаги опа-сингиллар сиймоси ёдимиздан кетмайди. Гап шундаки, Фотима ва Зуҳралар танаси бирлашган ҳолда дунёга келганлар. Бу тоифа инсонлар сиам эгизаклар дейилади. Улар ҳозир салкам 7 ёшдалар. Танаси бирлашган ҳолда дунёга келганлигини кўрган она туғуруқхонадаёқ воз кечган. Дастлаб, пойтахтдаги махсус шифохонада кўрикдан ўтган қизалоқлар доимий яшаш учун Қўрғонтепадаги болалар уйига олиб келинган.

Сиам эгизаклари аслида ким?
Маълумотларда баён этилишича, танаси бир-биридан ажралмаган, яъни танасининг маълум бир қисми бирлашган ҳолда туғилган эгизаклар сиам эгизаклар, деб аталади. Уларнинг нафақат, танаси, балки ички органлари ҳам бирлашган бўлиши мумкин. Танасигина бирлашган эгизакларни вақти келиб жарроҳлик йўлида билан бир-биридан айириш мумкин, бироқ битта ички аъзоларга эга бўлган эгизакларни танасидан ажратишнинг имкони йўқ.
Одатда, сиам эгизаклари 200 минг ҳолатда бир марта учраши мумкин. Уларнинг аксарияти ўлик ҳолатда дунёга келадилар. Тирик туғилганларининг 5 фоиздан 25 фоизгача бўлган қисми узоқ умр кўриш бахтидан бенасиб бўладилар. Эгизакларнинг 70 — 75 фоизи қизлар эканлиги ҳам кишини ажаблантиради. Демак, сиам эгизаклари орасида ўғил болаларни камдан-кам ҳоллардагина учратиш мумкин.
Тарих саҳифаларидан маълумки, бу тоифа инсонлар ҳам турмуш қуришган ва соғлом фарзандларни дунёга келтиришган. Бироқ уларнинг ҳаётида салбий жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Масалан, сиам эгизаклардан бири оламдан ўтса маълум соатлардан сўнг иккинчиси ҳам ҳаёт билан видолашади. Бунга уларнинг қон айланиш системаси бир эканлигидир.
Фотима ва Зуҳрани мураккаб жарроҳлик амалиёти кутмоқда
Қўрғонтепалик сиам эгизаклари ҳақида болалар уйи директори Хуршидахон Халилова шундай ҳикоя қилади:
— Қизалоқлар ниҳоятда зеҳнли. Тенгдошлари каби фикрлашади, ҳаракталанишади, ўзларини бошқалардан ажратиб олишмайди. Ўртоқлари билан тез киришиб кетадилар. Уларнинг танаси бирлашгани билан ички аъзолари алоҳида. Фақат битта муаммо бор — у ҳам бўлса жинсий аъзоларининг битталигидир. Бироқ бу иккаласини бир-биридан ажратиш учун тўсқинлик қила олмас экан.

Ҳар бир инсон умри давомида ўзи орзу қилган ҳаётда яшашни истайди. Бунинг учун унда имконият бор. Ҳаракат қилса, интилса, кўзлаган мақсадига етишиши муқаррар. Аммо бир танада яшовчи икки кишининг орзу-истаклари ҳар доим ҳам бир-бирига мос тушмаслиги мумкин. Демак, қайсидир маънода улар бир-бирларининг ҳаётини яшашга мажбурлар. Қўрғонтепалик Фотима ва Зуҳраларни ҳам келгусида мураккаб жарроҳлик амалиёти кутмоқда. Улар бу жараённи матонат билан енгиб ўтадилар ва ўз ҳаётларини яшашда давом этадилар, деган умиддамиз.
Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг