Қорақалпоғистонда тест синовлари бўлиб ўтмоқда

12:32 15 Июль 2024 Жамият
489 0

Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари сингари Нукус шаҳридаги белгиланган биноларда 14 июль куни олий ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжат топширган абитуриентларга давлат тест синовлари бошланди.

Нукус шаҳридаги тест синовлари Республика ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети спорт саройи каби 5 та объектда бўлиб ўтмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Тажибай Романов, Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Батирбек Қайипбергенов, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Талаба ва ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш маркази раҳбари, шунингдек, Нукус давлат педагогика институти ректори абитуриентларнинг ота-оналари билан суҳбатлашиб, уларнинг фарзандларига тест синовларида омад тилади.

— Бугун қизим юридик таълим йўналишига тест топширмоқда. Тест синовларига яхши тайёргарлик кўрди. Бу ерда ота-оналарнинг тест жараёнини онлайн кузатиб бориши учун барча шароитлар яратилган, — дейди нукуслик Сарсенгул Бекжанова.

Тест синовлари тўлиқ видеокузатув орқали онлайн трансляция қилинмоқда. Жараённи test2024.uz сайти орқали онлайн кузатиб бориш имконияти яратилган.

Маълумот учун: Қорақалпоғистон Республикасида олий ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш тест синовлари шу йилнинг 25 июль кунигача давом этади. Тест синовлари кунига икки сменада – 1-смена 08:00 дан 11:00 гача, 2-смена эса 15:00 дан 18:00 гача бўлиб ўтади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер