Қорақалпоғистонда тадбиркорларни янада қўллаш орқали инвестиция ва ишбилармонлик муҳити яхшиланади

13:27 01 Июнь 2023 Сиёсат
814 0

Фото: “Халқ сўзи”

Сенатнинг қирқ биринчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Қорақалпоғистон Республикасида инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, унинг иқтисодиётини эркинлаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, инвестиция жалб қилиш имкониятини ошириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва ёшлар бандлигини таъминлаш орқали Қорақалпоғистон Республикасининг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш мақсадида қўшимча чора-тадбирлар кўриш зарурати юзага келмоқда.

Сенаторларнинг таъкидлашича, ушбу Қонун билан Солиқ кодексига Қорақалпоғистон Республикасининг тадбиркорлик субъектлари учун фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк солиғи ва ер солиғи 2028-йил 1-январга қадар 50 фоизга камайтирилишини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик шахслар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланмоқда, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ эса шаҳарлар ҳудудида фаолиятни амалга ошираётган шахслар учун 12 бараварга, туманлар даражасида 6 бараварга камайтирилмоқда ҳамда йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида белгиланмоқда.

Шунингдек, “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги нодавлат таълим ташкилотларининг ўқув жараёнига жалб этиладиган чет эл мутахассислари (ўқитувчилари) консуллик йиғимини ҳамда доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказганлик учун ундириладиган давлат божини тўлашдан 2027-йил 1-октябрга қадар озод қилинишини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Мазкур Қонун Қорақалпоғистон Республикасининг инвестициялар жалб этувчанлигини оширишга, тадбиркорликни ривожлантиришга, янги иш ўринларини яратишга, нодавлат таълим ташкилотларидаги таълим сифатини янада оширишга хизмат қилади. 

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер