Қорақалпоғистонда сохта прокурор қамалди
Иллюстратив фото
Илгари ҳам бир неча маротаба номусга тегиш, ўғирлик каби жиноятлар учун жазо муддатини ўтаган шахс яна жиноят кўчасига кирди. Бу сафар у давлат идорасининг мансабдор кишиси, яъни Қўнғирот тумани Транспорт прокурори лавозимида ишлаган Бакир исмли шахс ниқоби остида ўзини таништириб, осон бойлик орттириш пайига тушди.
ЎзА хабарига кўра, сохта прокурор ўзининг болаликдаги таниши, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Мискин” бекати ёнилғи омбор хўжалиги Қўнғирот ёнилғи омборхонаси мудири бўлиб ишлаётган Алишни "ўлжа" сифатида танлаб олган.
Бир куни у Алишнинг телефонига нотаниш рақамдан қўнғироқ қилиб, ўзини Бакир, Қўнғирот тумани Транспорт прокурори сифатида таништириб, бугун меҳмонлари борлигини, уларга зиёфат бериши учун пластик рақамига 1 млн 200 минг сўмни ташлаб беришини сўраган. Содда Алиш унинг буйруғини рад этмайди. Иш осон кўчганидан хурсанд бўлган Бакир ана шундай режаларни туза бошлайди. Алиш ўз амалидан айрилиб қолмаслик учун Бакирнинг кунора қилган қўнғироқларига жавоб бериб, у сўраган пулларни етказиб бериш ҳаракатига тушди. Бир куни тутинган отасининг автомашинасига янги баллонлар олиб бериш учун 2 млн 200 минг сўм олган бўлса, сўнг Бакир автомашинани таъмирлаш учун 7 млн сўм зарурлигини айтади.
Алиш Бакирнинг бу каби қинғир ишларидан шубҳага тушади ва транспорт прокуратурасида Бакир исмли инсон борлигини аниқлаш ҳаракатига тушади. Ҳақиқатда собиқ прокурор Бакирни топиб, унга бўлган воқеаларни сўзлаб беради. Шундан сўнг сохта Бакирнинг қилмишларини фош этиш мақсадида тезкор тадбир ўтказилади. Оқибатда Бакир ўзининг кейинги топшириғи бўйича Алишдан сўраган 200 АҚШ долларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Мазкур иш судда кўрилиб, сохта Бакир аслида Алишнинг болаликдаги таниши эканлиги аниқланиб, унинг жинояти далиллар билан исботини топди.
Суд ҳукми билан унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан ҳамда шу кодекснинг 57-моддаси қўлланилиб, уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг