Қорақалпоғистонда ММТБ бошлиғи пора билан ушланди
Иллюстратив фото
Икки ҳудудда Мактабгача ва мактаб таълими вакилларининг ноқонуний ҳаракатлари фош этилди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.
Қайд этилишича, ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда шаҳар ИИББ билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Олмазор туманидаги мактабгача таълим ташкилоти раҳбари тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига кириб, унга мансабдор танишлари орқали Шайхонтоҳур туманида жойлашган 4 та умумтаълим мактабининг футбол майдонларини аукцион орқали ижарага олиб бериш эвазига 8,5 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда МТТ раҳбарига нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бошқа ҳолатда эса Қорақалпоғистон Республикасидаги туманлардан бирининг мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи ўз хизмат мавқейидан фойдаланиб, мазкур бўлим бош мутахассиси билан ўзаро тил бириктирган ҳолда, мактабда фаолият юритувчи ўқитувчини тумандаги мактабгача таълим ташкилоти раҳбари лавозимига тайинланишида ёрдам бериш эвазига ундан 15 млн сўм талаб қилиб, ушбу пул маблағини бош мутахассис орқали олган вақтида ДХХ, ИЖҚКД ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланган.
Ҳозирги кунда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг