Қорақалпоғистонда йўл қурилиши учун 10 минг доллар пора олган мансабдор ушланди

13:04 16 Март 2026 Жамият
254 0

Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда йўл қурилиши соҳасидаги йирик фирибгарлик ҳолати фош этилди.

Маълум бўлишича, “Ўзйўлкўприк” кластери давлат муассасаси Қорақалпоғистон Республикаси филиали мансабдор шахси ўз хизмат мавқеидан фойдаланган. У қурилиш билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбарига “Беруний-Тўрткўл” А380 магистрал йўли қурилиши лойиҳаси доирасида 5 километрлик иш ҳажмини олиб беришни ваъда қилган.

Бунинг эвазига у юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ёрдам беришини айтиб, 10 минг АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилган.

Натижада, мансабдор шахс сўралган пул маблағини олаётган вақтида ДХХ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг иккита моддаси 168-модда 3-қисми «в» банди (Фирибгарлик), 28,211-модда 1-қисми (Пора беришга шериклик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер