Қоракўлда янги тиббий марказ ташкил этилди
Фото: «Халқ сўзи»
Бундан бир неча ой муқаддам Ромитан ва Вобкентда туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари фаолияти йўлга қўйилган эди. Мамлакатимиз раҳбарининг 2021 йил 26 июлдаги «Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Қоракўлда ҳам худди шундай туманлараро марказ ташкил этилди.
Даставвал марказ учун қўш қаватли қўшимча бино барпо этилди. 3 миллиард 300 миллион сўм миқдоридаги маблағ эвазига барпо этилган бинода шифокорларнинг самарали ишлашлари, беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур қулайликлар яратилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ажратилган салкам 970 минг АҚШ доллари жами 34 турдаги тиббий ускуна ва жиҳозлар харидига йўналтирилди. Ташхис қўйишни юқори аниқликда бажарадиган мультспирал компьютер томографияси ҳам келтирилди. Марказда фаолият кўрсатадиган шифокорлар ўз ихтисослари бўйича малака оширдилар. Эндиликда мураккаб жарроҳлик амалиётлари, жумладан, юрак-қон томирларига стенд қўйишни Қоракўлнинг ўзида бажариш учун зарур шарт-шароит мавжуд.
Мазкур марказ Қоракўл, Жондор ва Олот туманларида истиқомат қилувчи 440 минг нафардан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг