Қоракўлда тайёрланган маҳсулотнинг АҚШ да ҳам бозори чаққон
Гап Бухоро вилоятининг чекка туманларидан саналган Қоракўлда ишлаб чиқарилаётган спорт либоси (футболка) ҳақида бормоқда.
«Хўжалар» кичик саноат зонаси ҳудудида фаолият юритаётган «PARVOZ FAYZ PLUS BARAKA» масъулияти чекланган жамиятида тайёрланаётган бу маҳсулот ўзининг ҳаво ўтказувчанлиги, енгиллиги билан ажралиб туради. Харидор эса одатда, айнан шундай сифатли ва кийиб юришга қулай, нисбатан арзон маҳсулотни танлайди. Корхона тадбиркорлари АҚШ бозорини синчиклаб ўрганиш орқали бундай либосга йилига 100 миллион доллар миқдорида талаб борлигини аниқладилар. Пировардида «PARVOZ FAYZ PLUS BARAKA» мегаполис шаҳар – Нью Йоркда савдо уйини очди. Айни пайтда корхонанинг «HAJ TEX» бренди остида тайёрлаётган спорт либоси шу савдо шохобчаси орқали сотувга чиқарилмоқда.

Атиги бир йил муқаддам иш бошлаган мазкур корхона банк томонидан ажратилган 4,5 миллиард сўм миқдоридаги кредит маблағидан самарали фойдаланиб, цехларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаб рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда. Изланиш эса унга ташқи бозордан ўз ўрнини топиш имконини юзага келтирмоқда. Корхонада 400 тадан зиёд иш ўрни яратилгани ҳам эътиборга молик.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг