Қоракўлда IT-кластери барпо этилади
Фото: «Халқ сўзи»
Аниқ фанлар, хусусан, математика бўйича салоҳиятли ўғил – қизлар етишиб чиқаётган Қоракўлда IT-кластери барпо этилади. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси мутасаддилари "Халқ сўзи" мухбирига шу ҳақида хабар берди.
Лойиҳага мувофиқ, Қоракўл халқаро математика мактаби эски биноси ҳудудида 8 миллиард сўм миқдоридаги маблағ эвазига IT – Инкубация маркази қад ростлайди.Тумандаги 8-умумтаълим мактаби негизида IT-мактабини очиш кўзда тутилган. IT-университети эса майдони салкам тўрт гектарни ташкил этувчи Қоракўл академик лицейида барпо қилинади. Бу муассаса қурилиши икки босқичдан иборат бўлади. Шунингдек, “Ўзбектелеком” АКнинг туман филиали биносида IT-марказ ташкил этилади. Пировардида IT-кластерда замонавий ахборот технологиялари сир-асрорларини пухта ўзлаштирган 2600 нафардан зиёд салоҳиятли кадр тайёрланади.
Ушбу йирик лойиҳанинг рўёбга чиқиши билан мамлакатимиз ёшлари учун яна бир бемисл имконият юзага келади. Бундай дейишимизнинг боиси бор. Ҳозир Қоракўл халқаро математика мактабининг ўзида республикамизнинг турли гўшаларидан келиб таҳсил олаётган ўнлаб ёшларни учратиш мумкин.
2022 йилда қурилиши бошланиши кутилаётган Қоракўл IT-кластерини барпо этишга Бухоро вилоят ҳокимлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Инновацион ривожланиш вазирликлари томонидан жами 80,5 миллиард сўм миқдорида сармоя йўналтирилади.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг