Қоракўлчилик Нуробод тумани иқтисодиётида муҳим драйверлардан бирига айланмоқда
Фото: «Халқ сўзи»
Президентимизнинг «Қоракўлчилик тармоғини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан 2019-2023 йилларда қоракўлчилик хўжаликларига экспортга сотилган ҳар бир дона қоракўл териси учун давлат бюджетидан 50 минг сўмдан ва қоракўлча териси учун 75 минг сўмдан субсидия ажратилиши белгиланган.
Самарқанд вилоятида мазкур қарор ижроси доирасидаги ишлар самарасини Нуробод туманида қоракўл қўйларининг наслини яхшилаш, сифатли ва экспортбоп терилар ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг тобора ошиб бораётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Айтиш жоизки, қоракўлчилик ушбу туман иқтисодиётида муҳим драйверлардан бирига айланмоқда.
Тумандаги мавжуд 94 та хўжалик юритувчи субъектга тегишли 364 минг гектар яйловларда 162 минг бошдан зиёд майда шохли моллар парваришланяпти. Шуларнинг 31 минг бошдан ортиғини қоракўл қўйлар ташкил этади. Айни кунларда тўл мавсуми юмушлари билан банд чорвадорларнинг қўли қўлига тегмайди.
— Ўтган йили отарларга Афғонистондан, шунингдек, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидан наслли қоракўл қўчқорлар келтирилди,-дейди тумандаги қоракўлчиликка ихтисослашган «Каттақўрғон» МЧЖ раҳбари Йўлдош Казаков. — Шу тариқа жорий йилги тўл мавсумида она қўйларни сунъий қочириш эвазига сифатли ва экспортбоп қоракўлча терилар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ҳозирда хўжалигимизда 10 минг майда шохли моллар парваришланяпти. Афғонистондан келтирилган наслли қоракўл қўчқорлардан экспортбоп «Кўк қоракўлча» насли яратилди.
Жорий йил тўл мавсумида туманда мавжуд 60 минг бош она қўйдан 55 минг бошдан ортиқ қўзи олиш режалаштирилган. Натижада яна 20 та янги отар яратилади.
Абдулазиз Йўлдошев,
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг