Қўқоннинг туризм кўчалари: кўҳна тарих ва замонавий тараққиёт мезонлари муштараклиги

10:12 17 Март 2026 Жамият
172 0

Қўқон шаҳрида «Туризм кўчалари» лойиҳаси доирасида амалий ишларга киришилди. Янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнида ушбу кўчаларда бунёдкорлик ишларини амалга оширишда табиий ҳамда экологик жиҳатдан тоза маҳаллий қурилиш маҳсулотларидан фойдаланишга устуворлик берилади

— Бу ташаббус ушбу кўчалар инфратузилмасини замонавий мезонлар асосида янгилаш билан бирга, қурилиш соҳасидаги миллий-меъморий анъаналарни асраш имконини беради, — дейди Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов. — Шу мақсадда мазкур йўналишдаги ишларни ўзаро мувофиқлаштириб бориш учун шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги махсус штаб фаолияти йўлга қўйилди. Штабда жамланган малакали мутахассислар томонидан ҳар бир жараён сифат, хавфсизлик ва экологик барқарорлик мезонларига мослиги таъминланади.

Натижада қурилиш ишлари давомида тўлиқ атроф-муҳитга зарар етказмайдиган, энергия тежамкор ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб бериладиган маҳсулотлардан фойдаланилади.

Бундан кўзланган асосий мақсад Қўқоннинг тарихий қиёфасини сақлаган ҳолда, сайёҳлар учун қулай ва жозибадор муҳит яратишга қаратилган. Бу борада экологик тоза материаллардан фойдаланиш нафақат қурилиш сифатини оширади, балки ҳудуднинг узоқ муддатли барқарор ривожланишига хизмат қилади.

Куни кеча «Туризм кўчалари» лойиҳаси бўйича ишлар бошланаётган шаҳардаги «Янги Чорсу» МФЙ аҳли билан юзма-юз мулоқот бўлиб ўтди. Учрашувда маҳалла кесимида ишлаб чиқилган режа ва лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Унда маҳалланинг бўлажак архитектура қиёфаси, кўча ва хонадонларнинг ташқи кўриниши, сайёҳлар учун яратиладиган инфратузилма ҳамда хизмат кўрсатиш йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Тақдимот давомида маҳалланинг тарихий руҳини сақлаб қолган ҳолда замонавий қулайликлар яратиш, миллий услубдаги фасадлар, ҳунармандчилик бурчаклари, оилавий меҳмон уйлари ҳамда сайёҳлар учун фотосессия ҳудудлари ташкил этиш каби ишлар режалаштирилаётгани таъкидланди.

Учрашув интерактив тарзда ўтказилиб, маҳалла аҳли ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди ва таклифлар киритди. Айниқса, маҳалланинг туристик жозибадорлигини ошириш, маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик имкониятларини кенгайтириш масалаларига жиддий эътибор қаратилди.

Айтиш жоиз, бугунги кунда Қўқон шаҳрида 64 та маданий мерос объектлари мавжуд. Кўҳна кентда янги туризм маршрутларини ишлаб чиқиш орқали ҳар йили 250 минг нафар сайёҳ этиш ҳамда йиллик туризм экспорти ҳажмини 100 миллион доллардан ошириш режалаштирилмоқда.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер