Қўқонда мактаб ўқитувчилари учун кореялик мутахассислар иштирокида семинар тренинглар ташкил этилди
Қўқон шаҳрида умумий ўрта таълим мактаблари устозлари учун Жанубий Кореядан келган мутахассислар иштирокида семинар тренинглар бўлиб ўтди.
Қори Ниёзий номидаги тарбия педагогикаси миллий институти ҳамда Жанубий Кореянинг «Диа глобал» академияси профессор-ўқитувчилари иштирокида ўтказилган машғулотлар мактаб таълимига замонавий ёндашувларни кенг татбиқ этишга бағишланди.
Шу тариқа уч кун мобайнида шаҳардаги мактаблар директорлари ва директор ўринбосарлари ҳамда психологлар иштирокида «Таълим сифатини оширишда беш ўлчовли таълимнинг аҳамияти» мавзусида юзма-юз мулоқотлар ташкил этилди. Амалий семинарлар давомида турли йўналишларда замонавий ўқитиш технологиялари асосида маърузалар ўқилди ҳамда бевосита мактабларга ташриф буюрган ҳолда таълим-тарбия жараёни билан яқиндан танишилди. Ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида самимий мулоқотлар уюштирилди.
— Бир неча йиллардан буён халқаро миқёсда катта нуфузга эга ушбу академия билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйганмиз, — дейди Қори Ниёзий номидаги тарбия педагогикаси миллий институти директори, педагогика фанлари доктори, академик Холбой Ибраимов. — Бу академия профессор-ўқитувчилари янгича ёндашувлар асосида беш ўлчовли таълим тизими услубини яратган. Булар ўқувчининг руҳий ҳолати, интеллектуал салоҳияти ва тафаккури, жисмоний баркамоллиги ҳамда ҳар жиҳатдан баркамол шахсни тарбиялашни назарда тутади.

Энг муҳими, бу усул ўқувчининг билими учун инвестиция киритиш ва инсон капиталига жиддий эътибор қаратади. Бундай ёндашув бугунги кучли рақобат шароитида етарли билим ва ҳаётий кўникмага эга авлодни тарбиялашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
— Бугун сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиёт даврида яшаяпмиз, — дейди Ли Сёнг Хён. — Бундан чорак аср муқаддам амалиётга жорий этилган мазкур дастур айнан ана шу каби жиҳатларни инобатга олган ҳолда кучли ақл-тафаккурга эга авлодни тарбиялашни мақсад қилган. Янги ташаббус Корея таълими дунёда рақобатбардош бўлишини таъминлади. Ўзбекистон ҳам шу йўлда дадил қадам ташламоқда. Демак, бу таълим дастури миллий менталитетингизга мослиги туфайли ҳам мамлакатингизда яхши самара беради.
Айтиш жоиз, мазкур усул шаҳар мактабларида амалий тажрибадан ўтказилгач, кутилган самара ва натижасига кўра «Қўқон тажрибаси» сифатида мамлакатимиз миқёсида кенг татбиқ этилиши режалаштирилмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг