Қўқон университети нуфузли халқаро анжуманга мезбонлик қилди
Бугун Қўқон университетида Финляндиянинг “SkillGrower” компанияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Фанлар академиясининг В. И. Романовский номидаги Математика институти ҳамда Қўқон шаҳар прокуратураси билан ҳамкорликда “Ёш авлоднинг математик билим ва кўникмаларини таълим платформалари ва сунъий интеллект (AI) технологиялари орқали ривожлантириш истиқболлари” мавзусида вебинар-тренинг бўлиб ўтди.
Баркамол авлоднинг математик билимларини замонавий онлайн платформалар ва сунъий интеллект технологиялари орқали янада кучайтириш кўникмаларини шакллантириш мақсадида ўтказилган вебинарда Қўқон шаҳар халқ таълими тасарруфидаги умумтаълим мактаблари директорлари, математика фани ўқитувчилари иштирок этди.
Вебинар-тренингда спикер – “SkillGrower” компанияси асосчиси, 2019 йилда ўтказилган “Энг яхши стартап” танлови ғолиби, халқаро даражадаги математик Паси Савола “SkillGrower платформасининг имкониятлари, ундан фойдаланишнинг усул ва воситалари” мавзусида, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Математика институти директори ўринбосари, таржимонлар ишчи гуруҳи раҳбари Ғолибжон Ботиров “SkillGrower платформасидан Ўзбекистон шароитида фойдаланиш ва унинг имплементациясини амалга ошириш йўллари” мавзусида тақдимот ўтказдилар. Финляндиянинг Ўзбекистондаги фахрий консули Алишер Жўраев “Ижтимоий йўналтирилган бизнес лойиҳанинг келажакдаги имкониятлари” хусусида батафсил маълумот берди.
Қўқон университети ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Шерзод Мустафақуловнинг таъкидлашича, келажакда ушбу платформани амалиётга кенг татбиқ этиш орқали нафақат математика ўқитувчилари, балки ота-оналар ҳам фарзандларининг математик билимини кузатиб бориши, кенг ва мантиқий жиҳатдан мушоҳада этиш қобилиятининг ривожланишини мониторинг қилиш имкониятига эга бўладилар.
– Қўқон шаҳридаги 32-умумий ўрта таълим мактабида амалиёт ўташ жараёнида ушбу таълим платформасининг афзалликларини ҳис этдим,– дейди Қўқон университетининг иқтисодиёт факультети биринчи босқич талабаси Анора Темирова. – Ҳақиқатан ҳам бу дастур ўқувчиларни математика оламига янада кенгроқ қизиқтиришда катта самара беришига ишонаман.
Маълумот ўрнида айтиш ўринлики, “SkillGrower” платформаси 4-18 ёшдаги ўқувчиларга мўлжалланган бўлиб, математикани ўрганиш учун осон, қизиқарли ва кучли дастур ҳисобланади. Ўзбекистон таълим тизимида ўзига хос янгилик бўлган ушбу платформа ишончли билимлар синови, самарали ва рағбатлантирувчи восита сифатида эътироф этилади.
Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг