Қўқон шаҳрида туризм кўчалари бўйича лойиҳа ишларига киришилди
Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Қўқон шаҳридаги туризм кўчаларида замонавий мезонлар асосида кенг кўламли саъй-ҳаракатларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Шу мақсадда ҳар бир ҳудуд кесимида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, лойиҳада белгиланган ишларни бажаришга киришилди. Қўқон шаҳар ҳокимлиги масъуллари “Исфара гузар” маҳалласида мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳамда аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқот ўтказди.
—Туризм маршрутлари бўйлаб жойлашган ҳар бир кўчани Тошкент шаҳри, Олмазор туманидаги Зарқайнар кўчаси мисолида миллий кўринишга келтириш мақсад қилинган,—дейди Қўқон шаҳар ҳокимлиги мутахассиси Раҳматжон Мўсаев.—Шу боис бу каби учрашувларда аҳолига хонадонларидан туризм инфратузилмаси объекти сифатида фойдаланиши учун шарт-шароит яратиш масалалари муҳокама этилмоқда. Айни жараёнда ўз хонадонида тадбиркорлик, ҳунармандчилик фаолиятини йўлга қўйиш истагидаги аҳоли вакиллари ташаббуси қўллаб-қувватланади.

Биринчи босқичда туризм маршрутидаги кўчаларда 100 метр узунликда намунавий масканлар – хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари яратилади. Шу асосда қолган барча кўчалар ҳам ягона архитектуравий ечим бўйича янгича кўринишга келтирилади.
Шунингдек, амалий ишлар доирасида миллий ҳунармандчилик устахонаси, сувенирлар дўкони ҳамда миллий ошхона ташкил этиш ниятида бўлган ҳамюртларга лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашилади. Зиёрат, гастрономик туризмни ривожлантириш орқали ушбу кўчаларда яшовчи аҳоли доимий даромад манбаи билан таъминланади.

Айтиш жоиз, бугунги кунга қадар туристик манзилда жойлашган хонадонларда 25 та меҳмон уйлари, 48 та сувенир ва ҳунармандчилик савдо уйлари, 8 та овқатланиш шохобчалари ҳамда 20 дан ортиқ бошқа турдаги хизмат кўрсатиш манзилларини ташкил этиш истаги билдирилди.
Янги туризм маршрутларини ташкил этиш натижасида Қўқонда сайёҳлар оқимини икки баробарга ошириш, шаҳарда қолиш даврини 3-4 кунга узайтиришга эришилади. Бунинг самараси сифатида йиллик экспорт ҳажми 100 миллион доллардан оширилади.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг