"Қўқон" ЭИЗда Сингапур саноат зонаси ташкил этилади
Фарғона вилоят ҳокимлигида Сингапур ишлаб чиқарувчилар Федерацияси президенти Леннон Тан билан видеоалоқа тарзида мулоқот ўтказилди.
Мамлакатдаги беш мингдан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналарини ўзида жамлаган ушбу йирик ташкилот вакиллари билан бўлиб ўтган музокарада “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида Сингапур саноат зонасини ташкил этиш истиқболлари ўрганилди.
Мулоқотда Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчиси Қаҳрамон Шокиров, Сингапур ишлаб чиқарувчилар Федерацияси бошқаруви вакиллари, “Қўқон” ЭИЗ раҳбари Фаррух Раҳмонов ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги вакиллари иштирок этди.
Самимий суҳбат давомида Фарғона вилоятининг иқтисодий салоҳияти ҳамда хорижий давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари, “Қўқон” ЭИЗда амалга оширилаётган инвестициявий лойиҳалар, божхона ва солиқ тўловлари борасида сармоядорлар учун яратилган қулайликлар хусусида маълумот берилди. Шунингдек, айни пайтда вилоятда Хитой саноат зонаси ҳамда Япония технопарки ташкил этиш бўйича ҳам амалий ишларга киришилгани таъкидланди.
— Бугунги мулоқотда икки томонлама ҳамкорликни жадал ривожлантириш бўйича келишиб олинди, — дейди “Қўқон” ЭИЗ раҳбари Фаррух Раҳмонов. — Ўзаро келишувга кўра, мулоқотлар давом этади ва амалий ташрифлар орқали бу борада аниқ вазифалар белгилаб олинади.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг