Фарғонада бу йил 13 киши сувда чўкиб ҳалок бўлди, улар орасида болалар ҳам бор
Фото: Иллюстратив cурат
Ёз мавсумида сувда чўкиш билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар, афсуски, тез-тез учраб турибди.
— Энг ачинарлиси, бундай ҳолатлар кўпинча ўлим билан якунланмоқда, — дейди Фарғона вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Аҳлиддин Алижонов. — 2021 йил давомида вилоятда 9 та ҳолатда 8 нафар кишининг чўкиши қайд этилди. Уларнинг бир нафари қутқарилди, 7 нафар фуқаро чўкиб ҳалок бўлди.
Жорий йилнинг 13 июль кунига қадар ўтган йил шу даврига нисбатан бундай ҳолатлар сезиларли ошди. 12 та чўкиш ҳолати юз берди. Олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари натижасида 13 кишининг жонсиз танаси сувдан олиб чиқилди, оила аъзоларининг хоҳишига кўра бир кишини қидириш ишлари тўхтатилди.
Чўкиб кетганлар орасида норасида гўдакларнинг борлиги жуда таассуфлидир. Мисол учун, шу йилнинг 21 февраль куни Риштон туманида оилавий жанжал туфайли 28 ёшли она 6 ва 2 ёшли қизлари билан ўзини Катта Фарғона каналига ташлаган. Фарғона вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси махсус вазифаларни бажарувчи минтақавий қутқарув отряди томонидан она ва 6 ёшли қизининг жасади сувдан топиб олиб чиқилди. Лекин 2 ёшли қизалоқни топиб бўлмади.
Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мавсум бошидан бери 850 та эслатма-паннолар, 65 та катта ҳажмли баннерлар тарқатилди, 1 минг 250 дан ортиқ жойларга «Чўмилиш тақиқланади» белгиси ўрнатилди. Ёз мавсумининг биринчи ярмида 1 минг 230 маротаба чўмилиш тақиқланган ҳудудларда профилактик тадбирлар ўтказилди. Айни пайтда аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари давом эттирилмоқда.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг