Қонунчиликдаги ўзгаришлар аёлларнинг жамиятда янада фаол бўлишига имкон беради
Жорий йилнинг 22 ноябрь куни Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама этилиши режалаштирилаётган масалалар кўриб чиқилди.
Мажлисда сенаторлар, вазирлик ва идоралар масъуллари, экспертлар, шунингдек халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссиялари вакиллари ҳамда Ёшлар парламенти аъзолари иштирок этди.
Хусусан, “Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тўғрисида»ги, “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида»ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлар кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сайлов ва референдум ўтказиш тартиби янада такомиллаштирилмоқда. Хусусан, Сайлов кодексига, “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги ҳамда ушбу йўналишдаги тегишли бошқа қонунларга зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, Қонунчилик палатасига сайловни аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов тизими асосида ўтказиш таклиф этилмоқда. Шунингдек, қуйи палатанинг 75 нафар депутати мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими (партия рўйхати) асосида сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланиши белгиланмоқда.
Референдум ва сайлов тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришни назарда тутувчи ушбу Қонуннинг қабул қилиниши натижасида соҳага тааллуқли қонунлар янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштирилади, Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий, туман ва шаҳар сайлов комиссияларининг ваколатлари аниқ белгилаб қўйилади. Қонунчилик палатаси депутатлари корпусини шакллантиришнинг мажоритар-пропорционал шаклига асосланган сайлов тизими жорий этилишининг ҳуқуқий асослари яратилади.
Қонуннинг яна бир муҳим янгилиги шундаки, Сайлов кодексининг 70 ва 91-моддаларига сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонининг 30 фоизидан 40 фоизига оширишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Мажлис давомида Сенат ялпи мажлисида муҳокама этилиши режалаштирилган бошқа қонунлар ҳам муҳокама этилиб, Қўмита аъзоларига атрофлича маълумотлар берилди.
Мажлисда Қўмита томонидан Ёшлар парламенти аъзолари билан биргаликда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ва самарали ўтказишга қаратилган тўгараклар фаолиятини ўрганиш режалаштирилаётгани маълум қилинди.
Шу муносабат билан ушбу тўгаракларга масъул бўлган вазирлик ва идоралар вакилларининг бу борада олиб бораётган ишлар юзасидан қисқача ахборотлари эшитилди.
Шунингдек, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламентининг ҳудудий аъзолари жойларда ёшлар учун ташкил этилган тўгараклар фаолиятининг сифати ва самарадорлигини ўрганишга чиқиши, ўрганиш натижалари маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирокида муҳокама этилиши таъкидланди.
Шу мақсадда вазирлик ва идоралар масъулларидан ўрганиш ишларининг самарали ташкил этилишида амалий ёрдам кўрсатилиши сўралди ва бу борада Ёшлар парламентига кўрсатмалар берилди.
Муҳокамалар якунида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг