Қонун рад этилди
Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида “Наркологик касалликларга чалинган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун ҳам кўриб чиқилди.
Қонун тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари ва экспертлар иштирокида ҳар томонлама ўрганиб чиқилгандан сўнг, сенаторлар ҳужжатни тамомила қайта кўриб чиқиш зарур деган хулосага келди.
Гап шундаки, қонунда “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган янги “ғайриихтиёрий даволаш” тўғрисидаги норманинг мазмун-моҳияти очиб берилмаган ҳамда мажбурий даволаш тушунчаси билан ўртасидаги фарқли жиҳатлари ёритилмай қолган.
Шунингдек, психоактив моддалар таъсирида мастлик ҳолатида маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун мажбурий ва ғайриихтиёрий тарзда даволаш учун алоҳида асослар ва механизмларни ишлаб чиқиш лозим деб топилди.
Бундан ташқари, шахсни ғайриихтиёрий тартибда наркалогия муассасасига ётқизиш учун судга ариза бериш тартибида ҳам камчиликлар мавжудлиги аниқланди.
Шунингдек, ариза билан судга мурожаат қилинганда давлат божининг тўланиши ёки ундан озод қилиниши, умуман олганда давлат божи ким томонидан тўланишига аниқлик киритилмаган.
Қонунда тартибга солинадиган жамоатчилик муносабатларининг аҳамияти эътиборга олиниб, сенаторлар қонунни қайта кўриб чиқишни, унга комплекс ёндашиб, такомилига етказишни мақсадга мувофиқ деб ҳисобладилар.
Қонун сенаторлар томонидан рад этилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг