Қонун лойиҳаси билан чекловлар олиб ташланмоқда

14:05 20 Декабрь 2022 Жамият
453 0

2022 йил 19 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда дастлаб, “Фармацевтика соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги ҳамда “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасидаги нормалар билан донор қонини тўплаш ва унинг асосида фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни хусусий тартибда амалга ошириш ҳамда дори воситаларининг клиник тадқиқотларини соғлом кўнгиллиларда ўтказишга руҳсат бериш, шунингдек таркиби бир хил бўлган дори воситаларини бир ишлаб чиқарувчи томонидан турли савдо номлари остида ишлаб чиқаришга чекловни бекор қилиш ҳамда бу орқали аутсорсинг асосида фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларни давлат рўйхатидан ўтказишни такомиллаштириш таклиф этилмоқда.

Фракция аъзолари томонидан қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилиб, маъқулланди.

Шундан сўнг, “Истеъмол кредитини ажратиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган “Истеъмол кредити тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама этилди.

Қайд этилганидек, амалдаги қонунчилигимизга кўра, мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган товар ва хизматлар учун молиявий истеъмол кредит ажратилиши тақиқланган. Мазкур қонун лойиҳасида ушбу чеклов олиб ташланиши ҳамда бу ўзгариш орқали мамлакатимиз аҳолисининг таълим олиш, меҳнат қилиш ҳамда турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида улар учун зарур бўлган барча истеъмол товар ва хизматлари билан тўлақонли таъминлаш назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасидаги нормалар фракция аъзолари томонидан атрофлича кўриб чиқилди. Лойиҳани такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди ва қўллаб-қувватланди.

Фракция аъзолари йиғилишда “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги”ги қонун лойиҳасини атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик муаммоларни ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда обдон муҳокама қилди ва маъқуллади.

Йиғилишда кўриб чиқилган масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер