Қонун ижроси қай даражада таъминланмоқда?
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан «Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7, 9, 10-моддалари ижроси ҳолатини Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги вакиллари ҳамда вилоятлар ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси масъул раҳбарлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда сўнгги йилларда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, аёллар ва болалар ўртасида касалликларнинг олдини олиш, оналар ва болалар ўлимини қисқартириш, соғлом болаликни таъминлаш, шу орқали орқали халқимиз генофондини сақлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2021 йилдан бошлаб болалар учун овқатни бойитадиган қўшимчалар, витамин «А» ва гижжага қарши антигельминт препаратларни бепул бериш, 2022 йилдан бошлаб, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 8,5 млн. нафар 3-15 ёшдаги болаларни, ёд препарати билан давлат томонидан бепул таъминлаш, 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёлларни поливитамин, темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминлаш йўлга қўйилди.
«Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида»ги қонунда белгиланган вазифалар ижроси доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида ҳамда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида муайян ишлар амалга оширилди. Айни чоғда республика бўйича 3 млн. нафар 3-15 ёшдаги болалар ва 1,3 млн. нафар ҳомиладор ва эмизикли аёллар ёд препаратлари билан, 673,3 минг нафар 35 ёшгача бўлган туғиш ёшидаги аёллар темир препарати билан қамраб олинган.
Шунингдек, ушбу вилоятларда санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимлари ҳамда витаминга бойитилган ун ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида маълумот алмашиниш йўлга қўйилган.
Мазкур вилоятларда 26 та ёдланган ош тузи ишлаб чиқариш ва қадоқлаш корхоналари ва цехларида текширув ўтказилиб, унинг натижаларига кўра 44,5 минг килограмдан ортиқ ош тузи истеъмолдан олиниб қайта ёдлаш тавсия этилган ҳамда 20 нафардан зиёд масъул шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳужжатлари судга ўтказилган. Натижада, ун ва туз маҳсулотларининг зарур витамин ва минераллар билан бойитилмасдан истеъмолга чиқишининг олди олинган.
Шу билан бирга, болалар, туғиш ёшидаги, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёлларни профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш борасида Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида 130 мингдан зиёд ҳомиладор ва эмизикли аёллар ҳамда 790 мингга яқин 3-15 ёшдаги болалар ёд препарати билан, 50 мингга яқин 35 ёшгача бўлган туғиш ёшидаги аёллар темир препарати билан таъминланган.
Йиғилишда қайд этилганидек, мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган бундай саъй-ҳаракатлар натижасида 2017-2022 йилларда оналар ўлими кўрсаткичи 1,5 бараварга, гўдаклар ўлими эса 1,3 бараварга камайишига эришилган. Ҳар иккала вилоятларда жорий йилнинг биринчи 6 ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан оналар ва гўдаклар ўлими кўрсаткичи камайган.
Муҳокамалар давомида депутатлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўз ҳудудида озиқ-овқат маҳсулотларини қўшимча витамин ва микронутриентлар билан бойитиш дастурлари, аҳолининг тўғри овқатланишини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирларни самарали амалга оширишни ташкил этиш, санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси озиқ-овқат маҳсулотларини қўшимча витамин ва микронутриентлар билан бойитиш ҳолати устидан мониторинг олиб бориш ҳамда назоратни кучайтириш зарурлигини қайд этдилар.
Йиғилиш якунида депутатлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг