Қонун ижодкорлиги жараёнига илмий ташкилотларни жалб этиш мақсадида меморандум имзоланди
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Ушбу ҳужжат Президентнинг 2026 йил 16 февралдаги ПФ–22-сонли Фармони ҳамда «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишнинг амалий ифодаси бўлди.
Ҳамкорликнинг асосий мақсади – қонун ижодкорлиги жараёнига илмий-тадқиқот ташкилотлари ва таҳлил марказларини фаол жалб этишдан иборат. Асосий эътиборни қонун лойиҳаларини чуқур илмий таҳлил қилиш орқали уларнинг сифати ва ҳаётийлигини ошириш, қонунчилик жараёнига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича маслаҳат ёрдами кўрсатиш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига қаратилган қўшма назорат-таҳлил тадбирларини ўтказишга қаратиш назарда тутилган.
Таъкидланганидек, мазкур ҳамкорлик қонун ижодкорлиги жараёнини такомиллаштиришга хизмат қилувчи доимий мулоқот майдонига айланади.
Эндиликда Қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи таркибига етакчи мутахассис ва ҳуқуқшунос олимлар кенгроқ жалб қилинади, Институт тингловчиларининг эса Сенатда амалиёт ўтишлари йўлга қўйилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг