Қўнғиротлик Матлюба Утепова — “Энг яхши ижодкор-ихтирочи тарбиячи”
Фото: “Халқ сўзи”
“Йилнинг энг яхши тарбиячиси —2023” касбий кўрик-танловининг республика босқичида қорақалпоғистонлик соҳа ходимлари ҳам фаол иштирок этишди.
Қўнғирот туманидаги 1-мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Матлюба Утепова танловнинг “Энг яхши ижодкор-ихтирочи тарбиячи” номинациясида ғолибликни эгаллади.
— Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Қорақалпоғистонда ҳам ёш авлодни ҳар томонлама билимли ва иқтидорли қилиб тарбиялаш йўналишида улкан ишлар амалга оширилмоқда, — дейди у. — Қорақалпоғистонда янги-янги болалар боғчалари қурилмоқда, мавжудлари замонавий жиҳозлар билан таъминланиб, реконструкция қилинмоқда. Таълим ва тарбия тизимига интерактив методлар, болаларга билим беришнинг янгича усуллари кенг жорий этилмоқда. Болаларга таълим тарбия бериш ишига ўзим ҳам ижодий ёндашиб, янгиликларни жорий этишга ҳаракат қилдим. Танловда айнан шу йўналишдаги фаолиятим ва меҳнатларим натижасида номинация бўйича ғолиб бўлдим. Албатта, бу ютуқни бутун жамоамизга ва қорақалпоғистонлик барча фаол тарбиячиларга берилган мукофот деб ҳисоблайман.
“Энг яхши ижодкор-ихтирочи тарбиячи” номинация бўйича ғолибликни эгаллаган қўнғиротлик Матлюба Утепова ташкилотчилар томонидан махсус диплом ва 12 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
Ғайрат Отажонов, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг