Қўмитада вазирликларнинг ахбороти эшитилди
2023 йил йил 12 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан эшитув ўтказилди. Унда Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги вазирликларининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда аграр соҳада томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахборотлари эшитилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда юртимизда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш барча даражадаги давлат органларининг асосий вазифасига айланди. Зеро, ҳар бир мурожаат ортида инсон ҳуқуқи, унинг манфаатлари ётади. Шу боис, халқ манфаати барча нарсадан устун даражага олиб чиқилиб, “халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойил остида барча даражадаги давлат бошқаруви органлари ўз фаолиятларини олиб бормоқда.
Ахборотда келтирилишича, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппарати ва таркибий бўлинмаларига 2022 йилда 26486 та, Сув хўжалиги вазирлигига эса 2702 та жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари келиб тушган. Уларнинг қарийб 60 фоизи қаноатлантирилган.
Шунингдек, вазирлик тизимида барча идоравий ҳужжатлар, мурожаатлар ва бошқа ички ёзишмалар электрон ҳужжат алмашиш автоматлаштирилган ахборот тизими орқали келиб тушган мурожаатларни йўналишига кўра тезкорлик билан кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилгани депутатлар томонидан эътироф этилди.
Эшитувда фуқаролар муаммоларини тинглаш борасида ўтказилган сайёр қабуллар ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Хусусан, ўтган даврда жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича Қишлоқ хўжалиги мутасаддилари томонидан 10 дан ортиқ, Сув хўжалиги вазирлиги 20 дан ортиқ ҳудудларда фуқаролар ва юридик шахсларнинг вакиллари иштирокида сайёр қабуллар ўтказган.
Депутатлар бундай қабуллар албатта, фуқаролар муаммоларини тизимли ечимига хизмат қилишини таъкидлаб, бу каби сайёр қабулларни мурожаатлар таҳлилидан келиб чиқиб муаммолар кўп кузатилаётган ҳудудларда кўпроқ ўтказиш таклифини беришди. Чунки, аксарият мурожаатлар ҳуқуқий маслаҳат шаклда ижобий ечим топмоқда.
Шунингдек тадбирда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлигини ошириш, сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам ахборот берилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувни тежайдиган технологиялар кенг жорий қилинмоқда. Бу эса экинларни барқарор сув билан таъминлаш имконини беряпти.
Эшитувда депутатлар ҳудудларда ўрганишлар давомида сувни тежайдиган суғориш тизимларини ишлаб чиқариш, етказиб бериш, харид қилиш, лойиҳалаштириш ва ўрнатишдаги камчиликлар мавжудлигини айтиб ўтишди. Яъни, айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг бу борадаги кўникмалари етарли эмаслиги мазкур технологияларнинг ўз вақтидан кечикиб жорий қилинишига сабаб бўляпти. Натижада, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий этиш амалиёти ортда қолмоқда.
Шундан келиб чиқиб, депутатлар вазирликларга сувни тежайдиган технологияларни жорий қилишдаги мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, минтақада кузатилаётган сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сув ресурсларидан янада самарали фойдаланиш бўйича таклифлар беришди.
Савол-жавобларга бой бўлган эшитувда ўзаро мақсадли мулоқотлар асосида соҳани такомиллаштириб бориш, мавжуд муаммоларини ечиш чораларини кўриш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлиги айтиб ўтилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг