Қўмитада вазирликларнинг ахбороти эшитилди

18:14 27 Май 2021 Иқтисодиёт
883 0

2021 йил 27 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда қўмита аъзолари Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ҳамда Молия вазирликларининг ахборотларини эшитди.

Молия вазирлигининг ахборот беришича, Халқаро “Heritage Foundation” жамғармаси томонидан юритилувчи “Иқтисодий эркинлик” индексининг 2021йил ҳисоботи эълон қилинди. Унда Ўзбекистон 58,3 балл билан 6 поғонага юқорилади. Бир неча йилдан буён Ўзбекистон мазкур индексда ижобий ўсиш суръатларини сақлаб келмоқда.

Мазкур индекс “Суд фаолияти самарадорлиги”, “Давлат харажатлари”, “Давлатнинг яхлитлиги”, “Меҳнат бозори эркинлиги”, “Бизнес эркинлиги”, “Солиқ юки”, “Монетар эркинлик”, “Мулкчилик ҳуқуқи”, “Фискал саломатлик” ҳамда “Савдо эркинлиги” индикаторларни ўз ичига олади.

Қайд этилганидек, жисмоний шахслар даромад солиғи ставкаси 2019 йил 1 январдан бошлаб 12 фоизга туширилган бўлсада, халқаро ташкилотларнинг маълумот манбаларида бу ўзгаришнинг кечроқ акс эттирилганлиги, индикаторни ҳисоблашда ҳамон эски ставкаларнинг инобатга олинганлигини кўриш мумкин. Молия вазирлигининг прогнозига кўра, индекс таҳлилчилари томонидан мазкур солиқ ставкасининг жорий ставкаси инобатга олинган тақдирда, Ўзбекистоннинг солиқ юки индикаторидаги кўрсаткичи 2,1 баллга юқорилаб, 94,5 баллни ташкил этиши кутилмоқда. Бу ўз навбатида, индексдаги умумий ўрнимизнинг юқорилашига ҳам хизмат қилади.

Тадбирда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ахбороти ҳам эшитилди.

Таъкидланишича, “2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида камбағалликни қисқартириш концепцияси ва дастури”, “Минимал истеъмол харажатлари қийматини ҳисоблаш услубиёти” лойиҳалари ишлаб чиқилди. Ҳозирда ушбу лойиҳалар ўрнатилган тартибда тегишли вазирликлар билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритилган.

Шунингдек, камбағал оилаларнинг доимий даромад манбаини яратишда жаҳон амалиёти атрофлича ўрганилди. Шундан келиб чиқиб, камбағал аҳолининг доимий даромад манбаини яратиш учун дастлабки капиталини шакллантириш мақсадида субсидиялар ажратиш механизми жорий этилди, инсон капитали сифатини ошириш ишсиз ҳамда малакага эга бўлмаган аҳолини турли касб-ҳунарларга ўқитиш мақсадида янгича ёндашувлар ишлаб чиқилди ҳамда камбағал оилаларга тўғридан-тўғри моддий ва номоддий ёрдам кўрсатиш ишлари амалга оширилмоқда.

Юқоридаги ишларнинг амалга оширилиши бўйича ҳудудларда олиб борилаётган чора тадбирлар Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий кенгашлар назоратида бўлади. Шу билан биргаликда, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга йўналтирилган чора-тадбирлар бўйича ҳар бир туман ва шаҳар бўйича манзилли дастур қабул қилинади ва уларнинг ижроси бўйича ҳокимлар ОАВ орқали халққа ҳисобот бериб бориш тизими йўлга қўйилади.

Тадбирда шунингдек, депутатлар томонидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг Ўзбекистон Республикасининг ЕОИИ билан молия, банк, суғурта, қимматли қоғозлар бозори ҳамкорлигининг айрим жиҳатларига оид масалаларни таҳлил қилиш ва уни ривожлантириш истиқболлари юзасидан ахбороти ҳам эшитилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер