Қўмита мажлисида Ташқи ишлар вазирлигининг 2025 йилдаги фаолияти юзасидан ахбороти эшитилди
Жорий йилнинг 10 февраль куни Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 2025 йилдаги фаолияти юзасидан ахбороти эшитилди.
Сўзга чиққанлар ўтган йил давомида мамлакат ташқи сиёсатини амалга ошириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида миллий манфаатларни фаол илгари суриш, хориждаги фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, хорижий инвестициялар, экспорт, туристлар ҳажмини ошириш, янги транспорт йўлакларини ривожлантириш борасидаги ишларга эътибор қаратди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрида Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси ҳамда жорий йил 15 январь куни Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти масалаларига бағишланган видеоселекторда ташқи алоқаларни янада ривожлантириш, миллий манфаатларини фаол илгари суриш, иқтисодий дипломатияни кучайтириш бўйича устувор вазифаларни ўз вақтида бажаришга алоҳида урғу берилди.
Дунё миқёсида мураккаб геосиёсий вазиятга қарамасдан, Президентимиз томонидан белгиланган очиқ, прагматик ва ташаббускор ташқи сиёсатни изчил амалга ошириш натижасида Ўзбекистон халқаро майдонда ишончли ва нуфузли ҳамкор сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаб бораётгани қайд этилди.
Жумладан, 2025 йилда 26 та хорижий давлатга олий даражадаги ташрифлар амалга оширилганлиги, қатор давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифлари ташкил этилганлиги, «Марказий Осиё плюс» форматидаги кўп томонлама мулоқотлар сермаҳсул ўтганлиги, стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилган давлатлар сони 19 тага, дипломатик алоқа ўрнатилган давлатлар сони эса 165 тага етганлиги қайд этилди.
Сенаторлар Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини янада ошириш, ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, фуқароларимиз манфаатларини фаол ҳимоя қилиш, хорижий инвестициялар оқимини ошириш, мамлакат экспорт салоҳиятини оширишда амалий натижадорликка эришиш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.
Муҳокама якунлари бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг