Қўмита мажлисида «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг ташқи иқтисодий йўналишидаги муҳим вазифалар муҳокама қилинди
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг халқаро алоқалар, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш ҳамда туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида назарда тутилган мамлакатимиз халқаро имижини янада ошириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини янада ошириш ва туризмни ривожлантириш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, ташқи сиёсат концепциясини такомиллаштириш, яхши қўшничилик алоқаларини кенгайтириш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизнинг инвестицияларни жалб қилиш стратегияси, миллий экспорт географиясини диверсификация қилиш, шунингдек, халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни янада фаоллаштириш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Шунингдек, янги туризмни ривожлантириш стратегияси доирасида мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини халқаро миқёсда тарғиб этиш, туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, хизматлар сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам муҳокама қилинди.
Сенаторлар «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлашда парламент назоратини кучайтириш, давлат органлари ва жамоатчилик ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаб ўтди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг