Қўмита мажлисида муҳим қонун ҳамда бола ҳуқуқларини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларининг ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ортиб бормоқда. Хусусан, сўнгги 5 йилда республикада аниқланган наркожиноятлар 2 бараварга, ноқонуний муомаладан олинган гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар 67 фоизга, шундан, синтетик гиёҳвандлик воситалари 80 бараварга кўпайган.
Ушбу Қонун бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни кучайтириш, мавжуд нормалардаги бўшлиқларни тўлдириш орқали амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Сенаторлар томонидан алоҳида қайд этилгандек, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда наркожиноятчиликка қарши курашиш бўйича жиноят-ҳуқуқий сиёсатнинг тубдан ўзгаришига, аҳоли генофондига таъсир қилувчи уюшган наркожиноятларга қарши курашиш самарадорлигининг ошишига, вояга етмаган ва ёшлар орасида гиёҳвандликнинг олдини олиш ҳамда уларни наркожиноятлардан ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Шундан сўнг Олий Мажлис Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)нинг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя этилиши ҳақидаги маърузаси муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, 2025 йилда Болалар омбудсмани номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслар томонидан 1 934 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 509 таси ижобий ҳал қилинган.
Мурожаатлар таҳлили ва мониторинги асосида давлат органлари томонидан бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўйилганлик ҳолатлари юзасидан муносабат билдирилиб, Болалар омбудсмани томонидан 2 та огоҳлантириш, 3 та тақдимнома, 18 та хулоса киритилган.
Шунингдек, болалар ҳуқуқларини бузиш ҳолатларининг олдини олиш, уларга нисбатан зўравонликка қарши самарали чоралар кўриш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шаффофлик ва ҳисобдорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Муҳокама давомида масъул вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан инсон ҳуқуқлари ва бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда уларнинг манфаатларини таъминлашга оид фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Муҳокама якунида Қўмитанинг бола ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчилик ижросини янада такомиллаштириш, назорат механизмларини кучайтириш ва амалиётда учраётган муаммоларни бартараф этиш бўйича тавсиялари ҳамда тегишли қарори қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Сенатор томонидан маҳаллаларда томорқачилик ва боғдорчиликни ривожлантириш ишлари ўрганилди
- Ёш парламент аъзолари форумида барқарор тараққиёт ва глобал ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди
- Сенатор талаба қизлар билан давлат хизматида аёллар иштирокини кенгайтириш масаласини муҳокама қилди
- Судьялар олий кенгаши таркибини сайлаш масаласи кўриб чиқилди
- Сенат қўмитасида киберхавфсизлик ва жиноятчиликка қарши янги чоралар кўриб чиқилмоқда
- Педагогларга айрим давлат хизматларини кўрсатишда 50 фоиз чегирма берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг