Қўлимиздаги шаҳодатнома – умид ва ишонч рамзи

12:53 25 Май 2022 Жамият
931 0

Фото: Халқ сўзи

Бугун юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби, Хоразм вилоятидаги 549 та умумтаълим мактабида ҳам анъанавий «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари бўлиб ўтди.

Жорий ўқув йили якунланиши муносабати билан Урганч шаҳридаги 29-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган тантанали тадбирда Хоразм вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов иштирок этиб, давлатимиз раҳбарининг мактаб битирувчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Сўнг вилоят халқ таълими соҳасида эришилаётган ютуқларга тўхталиб, мустақил ҳаёт остонасида турган ўғил-қизларга омад тилади.

Маълумот ўрнида, 2021-2022 ўқув йилида вилоят бўйича 22 минг 822 нафар ўқувчи 11-синфни тамомлаб, мустақил ҳаётга қадам қўядилар. Бугунги кунгача уларнинг 500 нафардан ортиғи аллақачон олий таълимда ўқишни давом эттириш учун турли имтиёзларни қўлга киритганлар. Хоразмлик мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртларига ўқишга кириш кўрсаткичи йилдан-йилга ошиб бораётгани қувонарли, албатта. Агар 2017-2018 ўқув йилида олий таълимга кириш кўрсаткичи вилоятда 5 фоизни ташкил этган бўлса, 2020-2021 ўқув йилида 30 фоиздан ошди.

— Президентимизнинг биз, битирувчиларга йўллаган табриги янада кўтаринки руҳ берди, — дейди 29-сонли умумтаълим мактаби 11-синф битирувчиси Диана Ҳажиева. — Бугун қўлимизга тутқазилган шаҳодатнома чиндан ҳам умид ва ишонч рамзидир. Халқимизнинг, давлатимиз раҳбарининг биз, ёшларга билдираётган умид ва ишонч рамзи! Буни оқлаш ҳар биримизнинг бурчимиз саналади. Мен ҳам мактабда олган билимларимни синовдан ўтказиб, бир эмас, ўнта хорижий олий ўқув юртида ўқиш учун грантларни қўлга киритдим. Улар ичидан, албатта, энг маъқулини танлаб, илм олишда давом этаман.

Одилбек Одамбоев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер