«Қодиробод»нинг қирқ йиллик муаммоси ечим топди
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Тўрақўрғон туманидаги адирликлар бағрида ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ташкил этилган «Қодиробод» массиви аввалига анча гуллаб-яшнаган эди. Йиллар ўтиши билан бу масканда оқар сув танқислиги кучайиб, деҳқончиликдан барака қочди, айрим хонадон соҳиблари кўчиб кетишга ҳам тушди. Қолганлар эса томорқаларидаги мевага кирган дарахтларини бир амаллаб сақлаб қолишга интилишди.
Ва ниҳоят аҳолини узоқ йиллар қийнаб келган муаммо яқинда ечимини топди. Ҳудуд «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурига киритилиб, томорқа ерларини суғоришни яхшилаш бўйича лойиҳани амалга оширишга киришилди.

— Дастур доирасида «Ахси-2» насос станциясидан 1,5 километр узунликда тармоқ тортиш ҳаракати бошланди, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдулла Турдалиев. — Бунинг учун 1 миллиард 800 миллион сўм маблағ ажратилган. Натижада аҳолининг жами 20 гектар майдонни эгаллаган томорқаларига ҳам обиҳаёт етиб боради.
Айни кунларда «Диамент континентал» масъулияти чекланган жамияти ишчилари томонидан 330 диаметрли қувурлар келтирилиб, уларни ётқизишга мўлжалланган чуқурлар тезкорлик билан ковланяпти. Қурувчилар ишни экинлар парвариши жадал тус оладиган паллагача якунлашни мақсад қилишган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг